Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги азалий дўстлик алоқалари кейинги йилларда янада ривож топиб, маданий, маънавий, иқтисодий ва гуманитар соҳалардаги ўзаро ҳамкорлик муносабатлари мустаҳкамланяпти. Ўзаро борди-келди, яхши қўшничилик муносабатлари халқларимизни бир-бирига янада яқинлаштиришга хизмат қиляпти. Жорий йил 4-5 февраль кунлари тожикистонлик бир гуруҳ журналистларнинг Сурхондарё вилоятига ташрифи бунинг исботидир. Улар вилоятдаги ёдгорлик мажмуалари, тарихий обидалар ва ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан танишди. Жумладан, тожикистонлик журналистлар медиа-тур давомида вилоятдаги тарихий қадамжоларни зиёрат қилди. Шунингдек, Термиз туманидаги «Termiz cargo centre», «Термиз» ЭИЗ ва «Термиз халқаро савдо маркази», Шеробод туманидаги «Шеробод текстиль инвест» ва «Шеробод агро импекс» МЧЖ, Денов туманидаги тожик тилида ўқитиладиган 50-умумтаълим мактаби ҳамда «Регтер» корхонасидаги иш жараёнлари билан танишди.
Мазкур тадбирнинг муҳим аҳамияти шундаки, икки қардош давлат журналист - ижодкорларининг ўзаро ҳамкорлиги янги босқичга чиқиши баробарида Тожикистон масс-медиаси орқали Ўзбекистон, шу жумладан Сурхондарё ҳақида туркум материаллар берилади.
Азимбек Самадов,
«Янги Ўзбекистон» мухбири.