Унинг сўзларига кўра, тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасининг тантанали очилиш ва ёпилиш маросимлари, шунингдек 8 та спорт тури баҳсларини бевосита томоша қилиш учун мухлислар ўртасида шу пайтгача сотилган билетлар ўртасида лотерея ўйини ўтказилади.
Ташкилий қўмита маълумотида айтилишича, шу пайтгача олимпия ўйинларига сотилган 4,48 миллион билетдан 840.000 мингтаси пандемия туфайли қайтариб берилган. Ўтказиладиган лотерея ўйини жорий қилинадиган тизим асосида айнан шу чипта соҳиблари ўртасида ўтказилади. Лотереяда ғолиб чиққанлар 6 июлда, яъни Олимпия ўйинларининг тантанали очилиш маросими бошланишига 17 кун қолганда эълон қилинади.
Лотереяда ютиб чиққанлар Олимпия ўйинларининг очилиш, ёпилиш маросимларида ва енгил атлетика, бейсбол, футбол, гольф, замонавий бешкураш, регби-7, софтбол ва серфинг спорт турларини бевосита кузатиш имконига эга бўлишади.
Ҳар бир спорт мажмуасига киритиладиган томошабинлар сони пандемиядан ҳимояланиш учун 50 фоизга қисқартирилади.
Шу ўринда айтиш жоизки, Японияда ўтадиган Олимпия ва паралимпия ўйинларига хорижий ишқибозлар қўйилмасдан, маҳаллий мухлисларга рухсат берилган. Ташкилий қўмита ахборотида келтирилишича, COVID-19 билан боғлиқ ички вазият Японияда яна хуруж қиладиган бўлса, барча тадбирлар томошабинларсиз ўтказилади.
Эслатиб ўтамиз, ёзги Олимпия ўйинлари жорий йилнинг 23 июль – 8 август кунлари, паралимпия ўйинлари эса 24 август – 5 сентябрь кунлари бўлиб ўтади.
Тўлқин РЎЗИЕВ.