Тадбирда Япония маданият ишлар агентлиги вице-комиссари Хирохико Накахара, “Мин-он” концерт ассоциацияси президенти Казуто Ито, Цукуба университети Марказий Осиё тадқиқотлари маркази директори Тошинобу Усуяма, “Япония-Ўзбекистон” дўстлик ассоциацияси, маданият намояндалари, япон жамоатчилиги ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Концерт аввалида Япония маданият ишлар агентлиги вице-комиссари Хирохико Накахара сўзга чиқиб, Ўзбекистон-Япония ҳамкорлиги ҳар томонлама ривожланиб бораётгани, икки халқ ўртасидаги маданий алоқалар тарихий илдизларга эгалиги ва биргаликда уюштирилаётган маданий тадбирлар дўстлик аллоқаларни янада мустаҳкамлашини таъкидлади.
“Мин-он” концерт ассоциацияси президенти Казуто Ито “Буюк ипак йўли” дастури доирасида 50 йилдан ортиқ вақт мобайнида ўзбек санъати вакиллари билан ҳамкорлик қилиб, Японияда кўплаб маданий тадбирлар ташкиллаштириб келаётганини билдирди.
Концерт дастурида Машу Комазаки бошчилигидаги япониялик санъат намоёндалари ўзбек миллий чолғу асбоблари, жумладан, дутор ва доирада ўзбек миллий ва мумтоз куй-қўшиқларини ижро этди. “Гулистон” рақс гуруҳи ўз дастури билан уларга ҳамроҳлик қилди.
Шунингдек, Цукуба университетининг Марказий Осиё тадқиқотлари маркази директори Тошинобу Усуяма ва Шиншу университети профессори Акико Китамура икки давлат ўртасидаги маданий алоқаларга бағишланган тақдимот ўтказди.
Тадбир доирасида Шиншу университети профессори – япониялик машҳур хореограф Акико Китамура томонидан Ўзбекистон бахшичилик санъати усталари билан ҳамкорликда яратган “Echoes of Calling” номли замонавий рақс лойиҳаси ҳам тақдим этилди.
Таъкидлаб ўтиш жоиз, “Echoes of Calling” лойиҳасининг яратилишида Сурхондарё бахшичилик мактабининг таниқли намояндалари ҳамда Камолиддин Салимов, Қудратилла Қобилқориев ва Дилмурод Йўлдошев каби доирачилар иштирок этган.
Ўзбекистон санъат намояндаларининг концерт дастури тадбир иштирокчилари томонидан юқори баҳоланиб, гулдурос қарсаклар билан олқишланди.
Маданий кеча якунида “Мин-он” концерт ассоциацияси президенти Казуто Ито ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди:
– Авваламбор, Ўзбекистон ва Япония ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги билан чин дилдан муборакбод этаман.
“Мин-он” концерт уюшмамиз Ўзбекистон билан маданий ҳамкорлик орқали икки мамлакат ва икки халқ маданияти тўғрисидаги билим ва ўзаро тасаввурларни бойитишни ва шу тариқа дунёда тинчликни таъминлашга ҳисса қўшишни мақсад қилган. Шу боис санъаткорлар иштирокида кўплаб тадбирлар ўтказиб келмоқдамиз.
Хусусан, 1980 йилдан бошлаб Ўзбекистон билан санъат соҳасида ҳамкорликни бошлаганмиз. 1985 йилда илк маротаба икки миллат вакиллари бир саҳнада ўзларининг миллий куй-қўшиқ ва рақсларини намойиш қилган.
Бугунги концерт дастури японияликларга жуда манзур бўлгани баробарида Япония ва Ўзбекистон халқлари ўртасидаги дўстлик ришталарнинг янада мустаҳкамланишига муносиб ҳисса қўшганига ишончим комил.