Учрашувда «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Д. Вахобов ва Франция тўқимачилик саноат иттифоқи Вице-президенти Н.Блан, Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихона вакиллари ҳамда бир қатор соҳа вакиллари иштирок этди.
Унда икки давлат вакиллари томонидан кўп қиррали Ўзбекистон-Франция тўқимачилик соҳасида ҳамкорлигининг кенг қамровли кун тартиби, шунингдек, икки мамлакат ўртасида тўқимачилик соҳасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий муносабатларни ривожлантириш борасидаги имкониятлар муҳокама қилинди.
Музокаралар давомида, «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси ва Франция тўқимачилик саноат иттифоқи ўртасида тўқимачилик соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги англашув меморандум имзолашга келишиб олинди.
Франция мода институти ҳамда тўқимачилик машиналари ишлаб чиқарувчилар иттифоқи билан янги инвестициявий лойиҳаларни ўрганиш
ва келишиш бўйича ишларни жадаллаштиришга ўзаро тайёрлик билдирилди.
Томонлар «GSP+» тизимида савдо тўғрисидаги битимни қабул қилиш жараёнидаги ижобий ўзгаришларни мамнуният билан олқишлаб, ушбу тизим орқали икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришга сезиларли туртки беришини таъкидладилар.
Учрашув якунида томонлар февраль ойида Франция шаҳрида бўлиб ўтадиган «Apparel Sourcing Paris» халқаро кўргазмаси доирасида «Б2Б» шаклида учрашувларни ташкиллаштиришда ҳамда ОАВ ва ритейллар иштирокида матбуот анжумани ўтказишда амалий ёрдам беришда шунингдек, икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича янги конструктив таклифларни ишлаб чиқиш юзасидан фаол ҳамкорликка келишиб олдилар, деб хабар беради «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси матбуот хизмати.