Йиғилишда вилоят прокурори С. Турдиев, вилоят ҳокимининг тегишли ўринбосарлари, вилоят бошқармалари, тижорат банклари, туман секторлари ва алоқадор ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.
Вилоят ҳокими Президент қароридаги 22 та ҳамда қўшимча шакллантирилаётган 25 та лойиҳа ташаббускорлари билан сухбатлашди. Улар дуч келаётган муаммоларни бартараф этиш учун масъулларга муддат белгиланиб, қатъий топшириқлар берилди.
- Туман марказидан қарийб 90 км узоқликда истиқомат қилаётган боботоғликлар ҳам яхши турмуш шароитларда яшашга ҳақли - деди вилоят раҳбари. - Бунинг учун Президентимиз томонидан барча имкониятлар яратиб берилган. Бу ерда тадбиркорлар йўлига тусиқ бўлаётган муаммоларга ечим изламай, вазифасини талаб даражасида бажармаган ҳар қандай раҳбарни ишлашга ҳаққи йўқ.
Вилоят ҳокими масъулларга лойиҳаларни қайта ўрганиш ва ер майдони ҳамда гаров таъминоти мавжуд истиқболли лойиҳаларни дастурга қушимча киритиш ва молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича кўрсатма берди.
Маълумот учун, Боботоғ массивида 16 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Президент қарори асосида “Боботоғ” маҳалласида 100 ўринли мактабгача таълим ташкилоти замонавий усулда сендвич панелларидан қурилиб, фойдаланишга топширилди ва “Янгиобод” маҳалласида 120 ўринли мактабгача таълим ташкилоти биноларини қуриш ишлари якунланмоқда.
Шунингдек, ҳудудда жами 9 та умумтаълим мактаби мавжуд бўлиб, 4 та муассасанинг ҳар бирига 210 ўринли, 1 тасида 320 ўринли қўшимча ўқув бинолари, 2 тасида спорт заллари қурилди.
Азимбек Самадов,
"Янги Ўзбекистон" мухбири