Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги  йилдан-йилга ривожланиб бормоқда ва бу соҳада муҳим ислоҳотларни жорий этишни тақозо этяпти. Ҳукумат топшириғи билан жойларда Агромарказлар ташкил қилиниб, тизимда сервис хизматлари кўрсатиш йўлга қўйиляпти. 

Тўрақўрғон туманида "Шоҳидон бургути" фермер хўжалиги раҳбари Абдулҳоди Азизов лойиҳаси асосида шундай марказ фаолият бошлади. 

Марказда ўсимликларни ҳимоя қилиш лабораторияси, ветеринария дорихонаси, агроном маслаҳати, уруғ ва кўчатлар етказиб бериш, аҳоли хонадонларига иссиқхоналар қуриш, агромаркет дўкони, мини техникалар сотиш ва уларнинг хизматини тавсия этиш каби йўналишлар мавжуд. 

Шунингдек, мева-сабзавотларни сотиб олиш, саралаш қайта ишлаш, қадоқлаш ва сақлаш, манзарали дарахт ва ландшафт хизмати, инкубатор, ўқув маркази, музлаткич, қишлоқ хўжалиги суғурта хизматлари, автоматлаштирилган банк хизматлари, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ҳам лойиҳанинг кейинги босқичидан ўрин олган. 

Ушбу хизмат турларини йўлга қўйиш учун "Агробанк" туман филиали томонидан 1 миллиард сўм кредит ажратилди, яна шунча маблағ лойиҳа эгаси ҳисобидан сарфланмоқда, дейилади Тўрақўрғон туман ҳокимлиги  ахборот хизмати хабарида