Ҳусанбой Ғафуров узумчилар сулоласининг бешинчи авлоди. Бу хонадонда қиш чилласида ҳам янги узилгандек банди кўм-кўк ҳолда сақланаётган узумларни кўриб баҳри дилингиз очилади. Бир пиёла чойга таклиф этилган меҳмон олдига тўрт фаслда ҳам узум қўйилади. Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан Президентимиз фармонига кўра, олтиариқлик боғбон Ҳусанбой Ғафуров “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланди.
Ана шу машҳур узумчилар хонадонига келдик. Декабрнинг ёмғирли ҳавоси этни жунжиктиради. Файзли хонадон томорқасида маржондек осилиб турган узумларни совуқдан асраш мақсадида устига плёнка тортилиб, қоғоз билан ўраб қўйилган. Бошингизга тегай-тегай деб турган сархил мевалар кўзингизни олади, осмон узумлар билан қоплангандек гўё.
— Узумни кейинги йил ҳосили пишгунча сақлаймиз, — дейди Ҳусанбой ака. — Сақлашнинг уч усули бор. Биринчиси — узумни токдан узмай, совуқ об-ҳаводан ҳимоя қилиш. Иккинчиси — махсус қутиларга жойлаб, анъанавий усулда, уй шароитида сақлаш. Ҳозир узум энг оммалашган усулда, яъни пластик идишларда сақланади. Кейинги йилларда бу усул анча оммалашди. Бунда пишган узум калтаги билан кесиб олиниб, пластик идишдаги сувга солиб қўйилади. Натижада узум узоқ вақт мазаси ва кўринишини йўқотмайди. Лекин ҳамма узумни ҳам шу тарзда сақлаб бўлмайди. Шу боис, “Келинбармоқ”, “Ҳусайни”, “Мерседес” навли узумларни ноль даражадан паст бўлмаган шароитда сақлаш ҳар жиҳатдан фойдали. Ерга меҳр берган одам асло кам бўлмайди. Томорқадан келган даромад ҳисобига беш фарзандимни уйли-жойли қилдим.
Хонадонда узум сақлашга мослашган махсус омборхона қурилган. Ҳар бир хонада 500 килограммдан 2,5 тоннагача узум сақлаш имконияти бор. Боғбоннинг айтишича, томорқада хориждан келтирилган “Аватар”, “Аливека” сингари маҳаллий иқлимга мос, серҳосил, экспортбоп, уруғсиз узум навлари етиштириляпти.
Хонадоннинг ҳар бир аъзоси узум етиштириш ва сақлашда ўзига хос тажрибага эга. Айтишларича, бунинг асосий сири маҳсулотни қайси вақтда бир оз иситиб, қачон шамоллатиб туришни билишда. Бунинг учун киши узум билан тиллаша олиши керак.
— Камтарона меҳнатим давлатимизнинг юксак ордени билан тақдирланганидан бошим осмонга етди, — дейди Ҳусанбой ака. — Қўлимга кетмон олиб, томорқачилик билан шуғулланиб келаётганимга 50 йилдан ошди. Сархил узум етиштиришда табиий, органик моддалардан фойдаланишга ҳаракат қиламиз. Бу усул ер унумдорлигини оширади, ҳосил сифатини яхшилаш, узоқ муддат сақлаш имконини беради. Бобомерос ишларни бугун фарзанд ва набираларим давом эттирмоқда.
— Маҳалламиздаги 575 та хонадоннинг аксариятида узум етиштирилади, — дейди маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Камолиддин Қобулов. — Уста томорқачининг Президентимиз томонидан юксак мукофотга муносиб кўрилгани бутун маҳалламиз боғбонлари меҳнатининг эътирофидир. Бугун меҳнат қилган роҳатини ҳам кўряпти. Шинам уй-жойлар қуриляпти, деярли ҳар бир оилада автомобиль бор. Узумчилик йўналишида агротуризм анъаналари ривожланяпти. Узум етиштириш, сақлаш борасидаги тажрибаларни ўрганиш истагидаги хорижлик ва маҳаллий сайёҳлар сафи кенгаймоқда. Ҳусанбой Ғафуров хонадони аллақачон ана шундай агротуризм масканига айланиб улгурган. Асл деҳқон билганларини бошқаларга ҳам илинади.
Йилнинг қайси фасли бўлишига қарамай, узум ейишни истасангиз, Олтиариққа, “Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳибининг хонадонига тортинмай бораверинг. Чунки бу хонадон дастурхонидан узум аримайди.
Расулжон КАМОЛОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири