Ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган “Тош қирғий полопонини сотаман” мавзусидаги эълон Қорақалпоғистон Республикаси Экология қўмитасининг давлат инспекторларини бефарқ қолдирмади. Ҳўжайли тумани “Узумзор” МФЙда яшовчи фуқаро Б.А томонидан Тош қирғий полопонини сотмоқчи бўлган вақтида Қорақалпоғистон Республикаси Экология қўмитасининг тезкор гуруҳи томонидан тўхтатилди. Қонунбузар фуқаро Б.Адан ушбу қуш қандай келиб қолгани сўралганда  табиат қўйнидан ушлаб олганлигини ва шу кунга қадар ўз уйида сақлаётганлигини айтди.

Шунингдек, ушбу қуш қизил китобга киритилган 3 ойлик полопон эканлиги ва  ушлаб олинган қуш тўғрисида фуқаро Б.А Давлат экология қўмитаси Қорақалпоғистон Республикаси назорат инспекциясига хабар қилмаганлиги ҳамда ушбу ёввойи қуш тор бўлган темир панжарали қафасга солиниб сақланаётганлиги аниқланди.

 Айни вақтда Тош қирғий қуши полопони ветеринар кўригидан ўтказилиб, Нукус шаҳар ҳайвонот боғига топширилди.

Ушбу ҳолат юзасидан қонунбузар фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг тегишли моддаси билан маъмурий чора кўрилмоқда, деб хабар беради Қорақалпоғистон Республикаси Экология қўмитасининг матбуот хизмати.