Фуқаро мурожаатида 20 ёшда экани, онаси вафот этганидан сўнг отасига ёлғиз васий бўлиб қолганини маълум қилган. Шунингдек, отаси 2-гуруҳ ногирони бўлиб, мустақил ҳаракат қила олмаслиги сабабли ишлай олмаслигини билдирган. Мазкур мурожаатни жойига чиқиб ўрганиш мақсадида Омбудсман ходимлари ва “Тинчлик” МФЙ раиси иштирокида ишчи гуруҳ тузилди.
Мурожаатчи К.У.нинг тураржойига етиб борилганда, ишчи гуруҳ аъзолари яшаш учун мутлақо шарт-шароитга эга бўлмаган иккита кичик хона борлиги ва хоналарни иситиш имконияти йўқлигига гувоҳ бўлди. Қолаверса, оиланинг қарздорлиги сабабли хонадон газдан ҳам узиб қўйилгани маълум бўлди.
Фуқаронинг айтишича, онаси тириклигида у бошқа давлатда ишлаб, уйига пул юбориб турган. Шу пулга янги уй қуришга киришилган, лекин она вафотидан кейин қиз отасига ғамхўрлик қилиш учун ватанга қайтган ва қурилиш ишлари чала қолган. Ҳозир қиз томорқасида сабзавот ва кўкат экиб, сотиш орқали кун кўради.
Мурожаатчи ёғингарчилик кунлари совуқдан отасининг соғлиғи ёмонлашишидан хавотирда ва совуқ кунларда иссиқ бошпанага эга бўлиш учун давлатдан ёрдам сўрамоқда.
Ўрганиш натижаларига кўра, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) 2022 йилнинг 25 октябрь куни Тошкент вилояти ҳокимлигига мурожаат қилиб, мурожаатчига уй-жой шароитини яхшилаш учун моддий ва ижтимоий ёрдам кўрсатишни сўради.