Шу йилнинг 26 январь куни Рига шаҳри Халқаро аэропортида “Fly Khiva” ўзбек авиакомпанияси томонидан Тошкент – Рига йўналиши бўйича юк ташувчи авиарейсларни йўлга қўйишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА.
Тадбир доирасида “Fly Khiva” авиакомпаниясининг Латвия пойтахтига илк юк ҳаво кемасини тантанали кутиб олиш маросими ташкил этилди.
Унда Латвия транспорт вазири ўринбосари Андулис Жидковс, Рига халқаро аэропорти директори Лаила Одиня, Почта хизмати директори ўринбосари Гиртс Рудзинс ҳамда Божхона хизмати раҳбари Раимондс Зукус иштирок этди.
2024 йилнинг май ойида Ўзбекистон Элчихонаси кўмагида Европа Иттифоқи мамлакатларига экспорт ҳажмини ошириш мақсадида “Fly Khiva” авиакомпанияси бош директори Дилшод Хўжаев бошчилигидаги делегациянинг Латвияга ташрифи ташкил этилган бўлиб, айнан шу ташриф доирасида юк ҳаво қатновларини йўлга қўйиш бўйича амалий ишлар бошланган эди.
Латвия томонининг таъкидлашича, янги авиайўналишнинг очилиши Ўзбекистон ва Латвия ўртасидаги транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилиб, Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлайди.
Латвия транспорт вазири ўринбосари А.Жидковс Тошкент ва Рига ўртасидаги тўғридан-тўғри юк авиақатновлари Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги муҳим логистика маркази сифатидаги ўрнини янада мустаҳкамлашини таъкидлади.
Маълум қилинишича, “Fly Khiva” авиакомпанияси Тошкент – Рига йўналиши бўйича юк рейсларини ҳафтасига бир марта амалга оширишни режалаштирмоқда. Ташилаётган юкларнинг асосий қисмини Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи мамлакатларига мўлжалланган экспорт маҳсулотлари, почта ва тижорат жўнатмалари ҳамда Хитойнинг “TEMU”, “AliExpress” каби халқаро электрон савдо платформалари орқали берилган буюртмалар ташкил этади.