Миллий олимпия қўмитаси хабарига кўра, тадбирнинг биринчи куни Ижроия қўмитанинг йиғилиши доирасида техник масалалар, жумладан, 2023-2024 йилларда гимнастиканинг барча йўналишлари бўйича Осиё чемпионатларини ўтказишга номзод давлатлар масаласи кўриб чиқилди. Овоз бериш натижаларига кўра, Ўзбекистон гимнастика федерацияси мамлакатимизда қуйидаги мусобақаларни ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритди:
1. Акробатика бўйича Осиё чемпионати – 2023 йил октябрь;
2. Спорт гимнастикаси бўйича XXXIII ёзги Олимпия ўйинларига йўлланма берувчи ёшлар ва катталар ўртасидаги Осиё чемпионати – 2024 йил май;
3. Бадиий гимнастикаси бўйича XXXIII ёзги Олимпия ўйинларига йўлланма берувчи ёшлар ва катталар ўртасидаги Осиё чемпионати – 2024 йил май;
4. Спорт гимнастикаси мураббийлари учун ўқув курси – 2023 йил;
5. Паркур мураббийлари учун ўқув курси – 2023 йил.
AGU Бош Ассамблеяси давомида Осиё гимнастика иттифоқи президенти, AGU вице-президентлари, Ижроия қўмита аъзолари, гимнастика йўналишлари бўйича техник қўмиталар раҳбарлари ҳам овоз бериш йўли билан аниқланди. Овоз бериш натижаларига кўра, Раҳмон Ал Шатри (Қатар) AGU президенти этиб қайта сайланди.
Ўзбекистон гимнастика федерациясининг бир қатор вакиллари, жумладан, Ўзбекистон гимнастика федерациясининг (ЎГФ) биринчи вице-президенти вазифасини бажарувчи Гўзал Мўминова, федерация бош котиби Тимур Абдувалиев, гимнастика ҳамма учун бўлими раҳбари Юлия Родимцева, спорт гимнастикаси (эркаклар) техник бўлими раҳбари Равшан Мирзаев, спорт гимнастикаси (аёллар) техник бўлими раҳбари Стелла Кошечкина ҳамда Трамполин бўйича Ўзбекистон терма жамоаси мураббийи Екатерина Хилько AGUда турли лавозимларга сайланишди.
Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон ва Япония AGUга аъзо 39 мамлакат орасида ташкилотда энг кўп вакиллари сайланган мамлакатлар бўлди. Бундан ташқари, 4 минтақадан ташкил топган AGUнинг Марказий ва Жанубий ҳудудини Тимур Абдувалиев бошқаради.