ТДЮ Коворкинг маркази Ўзбекистондаги давлат олий таълим муассасалари орасида ташкил этилган биринчи коворкинг маркази бўлиб, унинг майдони 500 квадрат метрдан иборат. Марказда кутубхона, музокаралар хонаси, оммавий тадбирлар майдони, ўқув хонаси ва дам олиш ҳудуди мавжуд.

Тадбирда бугунги кунда ҳуқуқий соҳада технологиянинг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бораётганини ҳамда университет ҳам мазкур жараёнга мослашиши кераклигини таъкидланди. Қайд этилганидек, бугунги кунда кўплаб юридик амалиётлар инсон аралашувисиз, замонавий технологиялар асосида бажариляпти. Масалан, айни пайтда сунъий интеллект томонидан шартномалар ва битимлар тузиляпти ёки электрон ҳужжат тизимида ишланяпти.

Коворкинг марказидан 50 нафардан ортиқ талаба бепул офис сифатида фойдаланиши, шунингдек, улар ҳуқуқий соҳа, айниқса, ҳуқуқшунослар фаолиятига ахборот технологияларини жорий этиш, яъни «Legal Tech» соҳасида стартап лойиҳаларини инкубация ва акцелерация қилиш дастурлари иштирокчисига айланиши мумкин.

Талабаларни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида Инновацион жамғарма шакллантирилган бўлиб, талабалар томонидан ишлаб чиқилган инновацион стартап лойиҳалар холис ва очиқ танлов асосида молиялаштирилади. «Legal Tech» лабораторияси ва IT Parkнинг бизнесни ривожлантириш йўналиши мутахассислари томонидан талабаларга IT маҳсулотларни яратиш бўйича услубий кўмак берилади.

ТДЮ Коворкинг марказидаги бундай шароитлар университетда «Университет 3.0» моделини қўллаш ва замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда ҳуқуқий соҳани тубдан ўзгартириш учун имконият яратади.

Тадбирда Коворкинг маркази мутахассислари тижоратлаштиришга тайёр бўлган университетлар ва илмий муассасаларда илмий тадқиқотларни мониторинг қилиш ва бошқариш тизими, илмий тадқиқот натижалари маълумотлар базаси, ҳуқуқшуносларни онлайн ишга қабул қилиш тизими ва соҳа вакиллари учун ижтимоий тармоқ каби лойиҳаларни иштирокчилар эътиборига тақдим этди, деб хабар беради Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Шунингдек, Коворкинг марказида фаолият юритаётган бизнес мактабида IT Park мутахассислари томонидан илк машғулот ўтказилди.