Айни пайтда метрополитенда йўловчилар оқимининг юқорилигини инобатга олган ҳолда, қўшимча захира ҳаракат таркибларини жалб этиш орқали поездлар ҳаракати оралиғидаги интервалларни ўртача 2–3 дақиқагача қисқартириш чоралари изчил давом эттирилмоқда.
Шу билан бирга, 5 вагонли ҳаракат таркиблари жорий йилнинг 20 ноябридан бошлаб йўловчилар ташиш жараёнига жалб этилиши ҳақидаги хабар ҳақиқатга мос келмайди.
Таъкидлаш жоизки, 5 вагонли ҳаракат таркибларини жорий этиш бўйича “Тошкент метрополитени” АЖ, Транспорт вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар Кенгаши билан келишилган ҳолда тегишли ташкилий ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, қўшимча вагонларни харид қилиш бўйича концепция ишлаб чиқилган.
Мазкур жараёнда вагонларни ишлаб чиқариш, харид қилиш ва Тошкент шаҳрига етказиб келиш муддатлари ҳамда ташкилий масалалар инобатга олинган ҳолда, 2027 йил центабр ойига қадар мавжуд ҳаракат таркибларининг 80 фоизини, яъни 54 та ҳаракат таркибини 5 вагонли шаклга ўтказиш режалаштирилган.
Шу муносабат билан, жамоатчиликдан ижтимоий тармоқларда тарқалаётган маълумотларни улашишда расмий манбаларда эълон қилинган ахборотларга таянишлари сўралди.