«Тошкент метрополитени» унитар корхонасининг мутахассислари томонидан метрода адашмаслик ҳамда йўловчиларга янада қулайлик яратиш мақсадида, метродаги йўналиш чизмаларини, турли кўрсатгичларни ва бошқа навигация кўринишларини босқичма-босқич янгилаш ишлари олиб бориляпти.
Жумладан, «Юнусобод» метро линиясининг янги станцияларида йўл кўрсаткичлари янгиланди, «Ўзбекистон» метро линиясида «Дўстлик» ер ости бекатидан «Дўстлик-2» ер усти бекатига ўтиш кўрсаткичи ўрнатилди. Бундан ташқари, «Сергели» метро линиясидаги янги бекатларгача бўлган кўрсатгичли белгилар «Чилонзор» метро линиясининг йўналишидаги барча станцияларида ҳам босқичма-босқич янгилаб борилади. Ҳозирги вақтда «Олмазор» ва «Бодомзор» станцияларида ҳамда қисман «Юнусобод» метро линиясида янги навигация белгилари ўрнатилган.
Кейинги уч ой мобайнида, бугунги кунда хизмат кўрсатаётган метрополитен линияларига мингдан ортиқ навигация элементлари ўрнатилади.
Янги метро станцияларининг номланиш масаласига яна бир бор тўхталиб ўтсак. Эслатиб ўтамиз, янги қурилган станцияларга ном бериш жараёнида «Тошкент метрополитени» УК иштирок этмаяпти. Бироқ, айнан ушбу мавзу бўйича кўплаб мурожаатлар (аксатияти танқидий ва салбий фикрлар) келиб тушяпти.
Маълумот учун, ушбу масала Географик обектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича Тошкент шаҳар комиссияси ваколатига киради. Бундан ташқари, лойиҳада кўзда тутилган истиқболли қурилиш тўлиқ амалга оширилмаган. Режалаштирилган метро станциялардан бугунги кунга қадар еттита қурилган станциялар фойдаланишга топширилди, деб хабар беради «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ матбуот хизмати.