Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан илгари сурилган лойиҳа Тошкент метрополитенида “Зўравонлик – маданиятимизга бегона” номли тарғибот баннерларини ташкил этди.

Қайд этилишича, бундан кўзланган асосий мақсад сўнгги йилларда ўзбекистонлик аёлларнинг зўравонлик қурбони бўлаётгани ҳақида медиа манбаларда тез-тез учраётган янгиликлар туфайли унга жамоат жойларида ҳам эътиборни кучайтириш, мавзуни янада долзарблаштириш ва салбий вазиятларнинг сонини ҳам кескин камайтиришдир.

Ўзбекистонда оиладаги зўравонлик кенг тарқалган бўлса-да, бу ҳақда кам гапирилади. Кўп ҳолатларда оилада зўравонликка учраганлар турли сабаблар билан бу ҳақда сукут сақлашга мажбур бўлади. Бундай пайтларда уларнинг ноласига қулоқ тутадиганлар жуда кам топилади. Шу сабабли мурожаат қилган аёлларга кўмак берилиши учун ушбу сайт ишга туширилган.

“Nolalar.com – бутун Ўзбекистон жамоатчилигининг эътиборини аёлларга нисбатан зўравонликдан огоҳ бўлиш, унинг олдини олиш ва асоратларини енгиллаштириш учун яратилган лойиҳадир”, – дейилади хабарда.

Қайд этиш мумкин, 2021 йилда тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган 40 мингга яқин хотин-қизга ҳимоя ордери берилган бўлса, бу зўравонликларнинг 87 фоизи оилаларда содир этилган.

Гуруҳларга бўлинганда: 106 та жинсий, 234 та иқтисодий, 18 777 та руҳий, 13 658 та жисмоний зўравонлик ҳамда 7 174 та тазйиқ ҳолатлари аниқланган.

Зўравонликка дуч келган хотин-қизлар реабилитация марказларига 1169 қисқа рақами орқали боғланиши мумкин.

Шунингдек, ички ишлар органларининг хотин-қизлар ишлари бўйича инспекторлари ҳам хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича тегишли тайёргарликдан ўтган. 102 қисқа рақамига қўнғироқ қилиш орқали, 24 соат ичида ҳимоя ордерини олиш мумкин.