Институтнинг 11,6 миллиард сўм маблағи ҳисобидан бунёд этилган 1 минг 200 ўринли ушбу ўқув биноси олийгоҳнинг асосий ҳудудида жойлашган. 4 қаватли бино аудиториялари бугунги замон таълим жараёни ва тенденцияларига мос инновацион ахборот технологиялари, хусусан, смарт мониторлар, кўп функцияли электрон панел, тезкор интернет, wi-fi қурилмалари билан жиҳозланган.
Бундан ташқари, янги бинода ахборот-ресурс маркази ҳам ўрин олган, замонавий автоматлаштирилган технология билан жиҳозланган.
Aхборот ресурс марказида доимий равишда маълумот-ахборот хизматини кўрсатувчи махсус бўлим (реcептион), ортиқча навбатларнинг олдини олиш, фойдаланувчилар учун кутубхона хизматлари сифатини янада яхшилаш мақсадида мустақил китоб олиш ва қайтариш қурилмалари, кутубхона фаолияти ва фондидаги адабиётлар ҳақида батафсил маълумот берувчи инфо-киоск, талабалар ва профессор-ўқитувчиларни махсус ID-карта орқали рўйхатга олиш учун мўлжалланган қурилма, адабиётларни фонддан бесабаб чиқиб кетиши (йўқолиши)нинг олдини олиш учун мўлжалланган кўп функцияли ҳимоя тизими, адабиётларни инвентаризациядан ўтказиш учун махсус таёқча ҳамда адабиётларни электрон шаклга ўтказиш учун мўлжалланган махсус сканер қурилмаси каби техник воситалар билан жиҳозланган.