Пойтахтда режалаштирилаётган ҳудудларни реновация қилиш мавзуси аҳолининг кескин муҳокамаларига сабаб бўлди. Тошкент шаҳар ҳокими ушбу масала бўйича маълумот берди.
Аҳолининг мурожаатлари, биноларнинг ҳолати ҳамда бошқа объектив сабабларни инобатга олган ҳолда, шаҳар маъмурияти томонидан фуқароларнинг Конституцияда белгиланган ҳуқуқларини таъминлайдиган, ШНҚ меъёрлари ва аҳолининг манфаатларини акс эттирувчи замонавий механизмни жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Бунда биноларнинг авариявийлик даражаси ва хавфсизлик талабларига мувофиқлиги, иқтисодий ва энергетик самарадорлиги, эскирган кўриниши ва ҳудуднинг умумий меъморий ривожланишига мос келмаслиги ҳисобга олинади.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида нафақат ҳар бир шахснинг уй-жойга бўлган ҳуқуқи, балки хавфсиз яшаш ҳуқуқи ҳам ўз аксини топган бўлиб, давлат уй-жой қурилишини рағбатлантиради ва уй-жойга бўлган ҳуқуқни рўёбга чиқариш учун шароитлар яратади.
Айтиш жоизки, Ўзбекистон шаҳарсозлик меъёрлари ва қоидалари замонавий талабларга жавоб берадиган меҳнат, яшаш ва дам олиш жойларининг қулайлигини таъминлашга доир талабларни белгилайди. Реновация ишлари фақат ваколатли ташкилотлар томонидан авария ҳолати тасдиқланган объектларда ва фақат аҳолининг розилиги билан амалга оширилади. Муҳими: Маданий ёки меъморий мерос объектларида реновация амалга оширилмайди.
Шуни таъкидлаш лозимки, Тошкентда қурилган уйларнинг фойдаланиш муддати 50 йилга мўлжалланган, аксарият ҳолларда капитал таъмирлаш имконияти йўқ, фойдаланиш муддати тугамоқда.
Барчамиз тушунамизки, реновация дастурини талаб қиладиган уйларнинг аксарияти ўз умрини яшаб бўлган ёки яқин йилларда шаҳарсозлик меъёрлари бўйича яшашга яроқсиз бўлиб қолади.
Биноларнинг техник ҳолати билан боғлиқ хавф, айниқса, мамлакатимиз ва умуман минтақанинг сейсмиклигига таъсир қилувчи барқарор иқлим ўзгариши туфайли жиддий ташвиш уйғотади.
Вазиятни холисона баҳоласак, ушбу уйларни ҳозирги ҳолатида фойдаланишда қолдириш муқаррар равишда пойтахтда авариявий уй-жойларининг оммавий пайдо бўлишига олиб келади.
Оммавий ахборот воситаларида тилга олинган ҳудудларга келсак, улар маҳаллий аҳоли мурожаатлари асосида таклиф этилган ва режа тузилган. Шунингдек, мурожаатларда келтирилган уй-жойларнинг дастлабки таҳлили уларнинг юқоридаги шаҳарсозлик меъёрлари талабларига жавоб бермаслигини тасдиқлади.
Биз лойиҳани амалга ошириш механизмини мамнуният билан эълон қиламиз, чунки у жуда соддалаштирилган ва биз уни кейинги хабарларимизда батафсил тушунтиришга ҳаракат қиламиз, — дейилади хабарда.