Битимга асосан, «Ipsum Pathology» МЧЖ 3,5 млрд. сўм миқдорида инвестиция киритиш орқали онкологик касалликларни аниқлашда ўта муҳим бўлган патоморфологик лаборатория текширишларини бугунги бозор нархидан арзон нархларда, замонавий технологияларни жорий қилиш орқали халқаро стандартларга мос равишда ташкил қилиши белгилаб қўйилган эди.
Куни кеч ушбу лойиҳа ишга тушди. Лойиҳанинг амалга татбиқ этилиши беморларга тўғри ташхис қўйиш, самарали даволаш, шунингдек, тиббиёт ходимларининг меҳнат унумдорлигини оширишда ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Лойиҳанинг эътиборли жиҳати беморларда ўтказиладиган таҳлилларни олиш муддати аввалги 7-10 кундан 3-4 кунга қисқарди. Шунингдек, беморларнинг шифохонада бўлиш даврини деярли икки баробарга камайтирди.
Бундан ташқари, лаборатория таҳлил натижаларини электрон шаклда сақлаш ва узатиш, ўта юқори аниқлик билан хулосалар бериш имконияти пайдо бўлди. Зарур бўлганда, нафақат маҳаллий, балки хорижий давлатларнинг малакали шифокорларига таҳлил натижаларини юбориб, маслаҳатлашиш имкони яратилди. Бу эса айнан касалликка тўғри ташхис қўйиш ва даволашни тўғри танлаш учун қулай шароит яратади. Лаборатория таҳлиллари нархи ҳам бошқа хусусий тиббиёт муассасаларига нисбатан бир неча баробар арзон экани диққатга сазовор.
Айни кунларда Самарқанд, Қашқадарё, Хоразм, Сурхондарё вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида ҳам давлат-хусусий шериклик лойиҳалари амалга оширилмоқда. Уларда замонавий даволаш ва диагностика марказларини ташкил этиш, стоматология ва реабилитация, лаборатория ва гемодиализ хизматларини ривожлантириш кўзда тутилган.