Қарорга кўра, кўп квартирали уйларни таъмирлаш, реконструкция қилиш ва туташ ҳудудларни ободонлаштириш йўналишида марказлашган манбалар ҳисобидан амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларини саралаш ва амалга оширишда қуйидаги тартиб ўрнатилади:
- лойиҳа таклифлари Халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларида муҳокама қилиниши ва фақатгина уларнинг қарори билан маъқуллангандан кейин амалга оширилиши шарт;
- шакллантирилган лойиҳа таклифлари бўйича лойиҳаолди тадқиқотлари маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, кўп квартирали уйларнинг бошқарувчилари, лойиҳа ташкилотлари билан биргаликда ҳар бир ҳудуднинг хусусиятларини инобатга олган ҳолда ўтказилади;
- Шунингдек, кўп квартирали уйларнинг туташ ҳудудидаги барча дарахт ва буталар бошқарувчилар томонидан хатловдан ўтказилиб, маълумотлар «Менинг уйим» ахборот биллинг тизимида акс эттириб борилади.
Кўп квартирали уйлардаги марказлашган ичимлик суви истеъмолчиларига дарахт ва буталарни суғориш ишларини ҳисоблагичлар ўрнатган ҳолда сутканинг ҳар қандай вақтида амалга оширишга рухсат берилади.
2026 йил 1 июлдан бошлаб:
- Тошкент шаҳрида кўп квартирали уйларда умумий йиғилиш ўтказишни ташаббус қилиш, ўтказиш ва қарор қабул қилиш, шартномаларни тузиш, бошқарувчилар томонидан мурожаатларни қабул қилиш ва уларни кўриб чиқиш фақат «Менинг уйим» АБТда амалга оширилади, 2027 йилдан бошлаб мазкур тартиб республиканинг барча ҳудудларига татбиқ этилади;
- мажбурий тўловлар ва кўп квартирали уйларда умумий мол-мулкни ижарага ва фойдаланишга беришдан тушадиган тўловлар ҳисоби фақат «Менинг уйим» АБТ орқали юритилади.
Қарорга кўра:
- Уй-жой коммунал хўжалиги бўлинмаларидаги бошқарув ходимларининг чекланган умумий сони доирасида Тошкент шаҳри ҳокими ўринбосари — Уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси бошлиғи лавозими киритилди.
- Ушбу янги лавозим эгасига мазкур қарорга мувофиқ бош муҳандисларга берилган барча ҳуқуқ ва ваколатлар татбиқ этилади.
- Янги раҳбарлик штати пойтахтдаги кўп квартирали уйларни эксплуатация қилиш, муҳандислик тармоқларини таъмирлаш ва аҳолига кўрсатиладиган коммунал хизматлар сифатини назорат қилиш учун шахсан масъул ҳисобланади.