Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент шаҳри иссиқлик таъминоти тизимини давлат-хусусий шериклик асосида ривожлантириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Мазкур ҳужжат Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлигининг 10 дан зиёд мутахассислари иштирокида ишлаб чиқилди.

Айни кунда Тошкентда 447 минг истеъмолчига иссиқлик таъминоти етказилиб, мавжуд 2 692 км тарқатиш тармоқларининг 72 фоизи, 200 та локал қозонхонанинг 89 фоизи, 3 та марказий қозонхонанинг барчаси эскирган. Шулардан келиб чиқиб, қарорга биноан:

- Тошкент шаҳар иссиқлик таъминотини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида “Veolia” (Хусусий шерик) компаниясига 30 йил муддатга бошқарувга берилади.

- Дастлабки 2 йилда “Veolia”га пилот лойиҳа сифатида Бектемир ва Сергели туманларидаги 118 та кўп қаватли уй ва 43 та ижтимоий соҳа объектининг иссиқлик тизимлари модернизация қилинади (ёпиқ тизимга ўтказилади).

Пилот лойиҳа доирасида жами 15 млн евро инвестиция ҳисобига 13,5 мингта иссиқлик ва 153 мингта иссиқ сув ўлчагичларини ўрнатиш, 142 та автотранспорт, 451 та техника ва 1 та мобил қозонхонани харид қилиш, 1 142 та иссиқлик станциясини ўрнатиш ва реконструкция қилиш, 22,3 гкал/с қувватли локал қозонларни модернизация қилиш, 53,4 км иссиқлик тармоқларини реконструкция қилиш кўзда тутилмоқда.

Пилот лойиҳасининг ижроси (KPI) юзасидан Осиё тараққиёт банкининг тавсиясига ҳамда техник аудиторнинг ҳисоботига кўра битим 2 йилдан кейин қайта кўриб чиқилади.

Осиё тараққиёт банки дастлабки 3 йилда лойиҳани амалга ошириш ва мониторинг қилиш бўйича маслаҳатчи сифатида кўмаклашади ва хизматлар Осиё тараққиёт банкининг грант маблағлари ҳисобига бажарилади.

“Тошиссиққуввати” ДУКга тегишли бўлган барча мол-мулкни Хусусий шерикка эгалик қилиш ва вақтинчалик фойдаланишга бепул берилади.

 Тошкент шаҳар ҳокимлигига мазкур битимни 18 йилдан кейин ихтиёрий равишда бир томонлама бекор қилиш ҳуқуқи берилади.

Лойиҳа амал қилиш даврида (30 йил) Хусусий шерик томонидан жами 181 та иншоот ва қозонхонани модернизация қилиш, 575,6 км иссиқлик тармоқларини қуриш, 841,1 км тармоқларни реконструкция қилиш, 51,5 минг дона иссиқлик ва 2 464,6 минг дона иссиқ сув ўлчагичларни ўрнатиш, шунингдек, 391 та махсус техника (автомашиналар) харид қилинади.

Мазкур ишларни молиялаштиришга Хусусий шерик томонидан 362 млн евро (шундан, 20 млн евро тўғридан-тўғри инвестиция, 342 млн евро лойиҳадан олинадиган фойдаси ҳисобидан) ва 982 млн евро истеъмолчилардан олинадиган тўлов маблағлари ҳисобидан жалб қилинади.

- Лойиҳадан оладиган соф фойданинг тан нархига нисбатан 10 фоизини Хусусий шерикка, ундан ошган қисмини эса Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошида ташкил қилинадиган Жамғармага йўналтирилади. Жамғармага шунингдек давлат субсидиялари ва истеъмолчилардан олинадиган тўловларнинг капитал таъмирлаш учун ажратиладиган қисми ҳам йўналтирилади.

“Veolia” компанияси томонидан Лойиҳа амалга оширилиши натижасида иссиқлик таъминоти самарадорлиги 50 фоизга ошади ҳамда иссиқлик йўқотилиши 44 фоиздан 20 фоизга пасайтирилади, йиллик табиий газ сарфи 45 фоизга, электр энергияси сарфи 25 фоизга, ичимлик сув сарфи 40 фоизга тежалади. Шунингдек, лойиҳа даври мобайнида жами 9,2 млрд м3 табиий газ, 3,1 млрд кВт электр энергияси ва 1,1 млрд м3 ичимлик суви тежалиб, жами 13,6 трлн сўмлик харажатлар иқтисод қилинишига эришилади.

Лойиҳа ижросини мониторинг қилиш учун Тошкент шаҳар ҳокимлигида мавжуд штатлар доирасида 4 та ходимдан иборат давлат-хусусий шериклик бўлими ташкил қилинади.