Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, лойиҳа ҳудуддаги энг долзарб экологик муаммолардан бири — саноат корхоналари ва иссиқхона хўжаликларидан келиб чиқадиган ифлословчи моддалар чиқариш даражасининг юқорилигини ҳал этишга қаратилган.
Ҳужжат атмосферага салбий таъсирни камайтириш ва корхоналарнинг экологик жиҳатдан тоза технологияларга босқичма-босқич ўтишини таъминлашга қаратилган комплекс чоралар тизимини кўзда тутади.
Хусусан, қуйидаги чора-тадбирлар режалаштирилган:
- Ҳудуддаги саноат корхоналари ва иссиқхоналарда чанг ва газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш;
- Иссиқхоналарда мавжуд қозонларни, уларнинг амалдаги талабларга жавоб бермаслигини ҳисобга олиб, замонавий энергия самарадор ва экологик тоза тизимлар билан алмаштириш;
- Иссиқхона ва саноат объектларини кўмирни ишлатмасдан бошқа альтернатив энергия манбаларига ўтказиш;
- Корхоналарга ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, ташламаларни тозалаш тизимларини, маҳаллий тозалаш иншоотларини, автоматик ҳаво мониторинги станцияларини ўрнатиш учун молиявий рағбатлар тақдим этиш, шу жумладан, грант механизмлари ёрдамида.
Ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш ифлослантирувчи моддалар чиқарилишини сезиларли даражада камайтиришга, экологик хавфсизликни оширишга ҳамда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти аҳолиси учун янада қулай яшаш шароитларини яратишга ёрдам беради. Шунингдек, экологик талабларни кучайтириш мамлакатнинг иқлим барқарорлиги ва «яшил» иқтисодиётга ўтиш стратегиясининг муҳим қисмидир.