Монополияга қарши курашиш қўмитасининг маълум қилишича, жорий йилнинг 8 ойи давомида Тошкент шаҳридаги бюджет ва корпоратив буюртмачилар томонидан бошланғич нархи жами 2 триллион 590 миллиард 900 миллион сўмлик 1 минг 974 та танлов (тендер) савдолари ўтказилган.

Монополияга қарши курашиш қўмитасининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси томонидан ўтказилган ўрганишлар натижасида умумий бошланғич қиймати 107,12 миллиард сўмлик 156 та танлов (тендер) савдоларида «Давлат харидлари тўғрисида»ги ҳамда «Рақобат тўғрисида»ги қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган.

Бундай қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйган 66-сонли имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб, Бектемир, Миробод, Яшнобод, Мирзо Улуғбек туман мактабгача таълим бўлимлари, Яшнобод туман Халқ таълими бўлими, "Uzbekistan Airways Technics“ МЧЖ, Р. Глиер номидаги республика ихтисослаштирилган мусиқа мактаби, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ «Кўприкқурилиш трести» УК қошидаги 13-Кўприкқурилиш отряди, Олмазор туман ҳокимлиги, Миробод туман Ободонлаштириш бошқармаси, "Тошкент иссиқлик маркази" ДУК Тошкент кўприклардан фойдаланиш унитар корхонаси, "Uz Chasys“ МЧЖ, "Otel Oʼzbekiston" МЧЖ, Кўзи ожизлар мактаб-интернати, Тошкент вилояти ихтисослаштирилган саломатлик шифохонаси, Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети қошидаги академик лицейи ва бошқа 52 та ташкилотга иш қўзғатилган ва тегишли кўрсатмалар берилган.

Шунингдек, 23 та харид буюртмачилар томонидан ихтиёрий равишда бекор қилинган. 81 та харидда йўл қўйилган қонунбузилиш юзасидан чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга маълумот киритилган.