Тадбир Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Савдо-саноат палатаси қошидаги Тошкент халқаро арбитраж маркази (TIAC), Тошкент давлат юридик университети ва Тошкентдаги Халқаро вестминстер университети ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.
UzAW – бир ҳафта давомида бутун дунёдан етакчи экспертлар, жумладан, арбитрлар ҳамда юридик, арбитраж ва бизнес ҳамжамияти (анжуман дастури ва бошқа айрим маълумотларни https://www.uzbekarbitrationweek.com веб-сайтидан олиш мумкин), хусусан, GST LLP, Foley Hoag LLP, Allen&Overy, Praelegal каби халқаро компания вакилларини бирлаштирувчи қатор тадбирлар жамланмасидир.
Арбитраж – суд муҳокамасидаги низоларни ҳал қилишнинг муқобил механизми бўлиб, бунда томонлар низони бартараф этиш учун тажриба ва кўникмага эга бўлган (жумладан, техник, масалан, қурилиш бўйича ёки энергетика соҳаси билан боғлиқ низода) судья (арбитр)ни, шунингдек, иш юритиш тили ва амалдаги қонунни танлаши мумкин.
Энг муҳими, арбитраж қарори (суд қароридан фарқли равишда) 1858 йилда қабул қилинган Нью-Йорк хорижий арбитраж қарорини тан олиш ва ижро этиш тўғрисидаги қоидага мувофиқ, Ўзбекистондан ташқари 169 та давлатда низо бўйича ютқазган томоннинг активларига нисбатан ижро этилиши мумкин.
Шуниси эътиборга лойиқки, суд қарорлари учун бундай халқаро ҳужжат мавжуд эмас. Бошқача айтганда, томонлардан бири Ўзбекистонда чет эллик контрагентга қарши суд ишида ғалаба қозонган тақдирда ҳам, агар бу хорижий контрагентнинг юртимизда активи бўлмаса, Ўзбекистондан ташқарида ушбу суд қарорини ижро этиш амалда мумкин эмас. Шунинг учун арбитраж хорижий элемент ёки хорижий инвестор билан ўртадаги низони ҳал қилишнинг афзал усули ҳисобланади.
“UzAW-2022” иштирокчиларни низоларни муқобил ҳал этишнинг сўнгги тенденциялари билан таништириш, шунингдек, Ўзбекистонда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, минтақанинг инвестицион жозибадорлигини оширишга қаратилган режадаги ва амалга оширилаётган ислоҳотлардан хабардорлигини оширишга кўмаклашади.
Бундан ташқари, анжуман Ўзбекистонни халқаро арбитраж учун қулай майдон сифатида тарғиб қилишни кўзлайди, барча манфаатдор томонлар учун ажойиб тармоқ имконияти бўлиб хизмат қилади.
Тадбирларда халқаро, давлат ташкилотлари ва бошқа йирик компанияларнинг 200 нафардан ортиқ вакили иштирок этиши кутилмоқда. “UzAW”ни қўллаб-қувватловчи халқаро ташкилотлар: АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID), ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги координатори офиси, Тижорат ҳуқуқини ривожлантириш дастури ва Осиё тараққиёт банки.