Мазкур ҳужжат Тошкент шаҳар транспорти соҳасидаги давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш, жамоат транспортини стратегик ривожлантириш ва барқарор фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилган. Шунингдек, йўловчилар ташиш хавфсизлиги ва сифатини ошириш, йўловчилар ташишни бошқаришга замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, транспорт ташкилотларининг молиявий-иқтисодий ҳолатини мустаҳкамлаш назарда тутилган.
Лойиҳага мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси негизида Тошкент шаҳар транспорт бош бошқармасини ташкил этиш белгиланган.
Ушбу бошқарма илғор хорижий давлатлар тажрибаларини ўрганган ҳолда замонавий ва янгича ёндашув асосида жамоат транспортини ривожлантириш, шу жумладан, тезюрар автобус йўналишларини (BRT) ташкил этиш лойиҳаларини амалга оширади. Метрополитенни жамоат транспортининг асосий транспорт турига айлантириш бўйича ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиб, йўлга қўяди. Транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмаси, шунингдек, автомобиль тўхташ жойларини ривожлантириш соҳасида шаҳар дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда мазкур механизмларни амалда жорий қилиш ҳам бошқарманинг вазифалари этиб белгиланган.
Ҳужжатга мувофиқ, Давлат активларини бошқариш агентлиги «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ва Транспорт вазирлиги билан биргаликда «Тошкент метрополитени» УКни «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ташкилий тузилмасидан чиқарган ҳолда, баланс қийматида ўрнатилган тартибда Бошқарма муассислигида унинг ташкилий тузилмасига киритилишини таъминлайди.
Лойиҳа билан Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Тошкент шаҳар транспорт бош бошқармаси ташкилий тузилмаси тасдиқланади.
Ҳужжатда, бошқарманинг ваколатига кирувчи қатор вазифалар, соҳани модернизация қилиш ҳамда ҳар томонлама ривожлантириш чора-тадбирлари белгиланган, деб хабар беради Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.