Тошкент шаҳридаги Амити университетида умумтаълим мактаблари директорлари иштирокида халқаро анжуман ўтказилди. Тадбир Бирлашган Араб Амирлигининг Дубай ва Абу-Даби шаҳарларида жойлашган Амити мактаблари билан биргаликда онлайн тарзда олиб борилди. Семинарда 170 дан ортиқ мактаблардан директор ва ходимлар иштирок этди.
Семинарнинг асосий мақсади Ўзбекистондаги умумтаълим мактабларида АКТ йўналишини ривожлантириш, математика ва инглиз тили фанларига бўлган қизиқишни оширишдан иборат бўлди.
Учрашувда Амити университети раҳбарияти ҳамда Дубай шаҳридаги Амити мактабининг директорлари ва мутахассислари ўз билимлари билан ўртоқлашди ҳамда глобал таълим тенденциялари ҳақида маълумот берди.
Семинар якунида нафақат икки таълим муассасаси вакиллари ўртасида, балки икки мамлакатнинг малакали ўқитувчилари билан биргаликда талаба ва мактаб ўқувчиларига турли соҳадан қизиқарли тадбир ва тренинглар ўтказишга келишилди.
Ушбу тадбир Тошкент шаҳридаги Амити университети томонидан мактаблар учун амалга оширилаётган кўмакнинг бошланиши бўлиб, келгусида ахборот технологиялари, математика ва инглиз тили фанлари бўйича ўқитувчилар учун чуқурлаштирилган дастурлар ишлаб чиқарилади, шунингдек мактаб ўқувчилари учун алоҳида ўқув курслари жорий этилади.