Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг “Ўзбекистонда касб-ҳунарга ўқитиш имкониятларини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (КОICА) иштирокида Тошкент шаҳрида ташкил этилган Касб-ҳунарга ўқитиш марказига ўқувчилар қабул қилинади. Бу ҳақида вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Марказда ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш (қайта тайёрлаш) қуйидаги касблар бўйича бепул амалга оширилади:
- автомобилларни таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш (авточилангарлар, моторчилар, автомобиллар диагностикаси бўйича мутахассислар);
- машинасозлик ишлаб чиқариш технологияси (токарлар, фрезерчилар, пайвандчилар, чилангарлар ва металларга ишлов бериш мутахассислари);
- электротехника, электроника ва автоматлаштириш (Бино иншоотларини электромонтаж қилиш, электрон ва маиший техникани, радио ва телеаппаратурани таъмирлаш ва уларга сервис хизмати кўрсатиш мутахассислари);
- ахборот технологиялари (Нашриёт ва график дастурлар, лойиҳалаш ва дизайн дастурлари, Оffice дастурлари, компьютерлар ва бошқа ташкилий техникага хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш бўйича мутахассислар).
Марказда касб-ҳунарга ўқиш муддати 8 ой бўлиб, шундан Марказда ўқиш — 6 ой, корхоналарда ишлаб чиқариш амалиёти — 2 ой. Марказда ўқиётган талабалар учун 6 ой мобайнида Бандликка кўмаклашиш марказлари томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ стипендия берилади.
Касб-ҳунарга ўқитиш марказига ҳужжатлар туман (шаҳар) Бандликка кўмаклашиш марказининг йўлланмаси асосида қабул қилинади.
Тошкент шахридаги Касб-ҳунарга ўқитиш марказининг битирувчиларига эгаллаган касби (мутахассислиги) бўйича меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи давлат намунасидаги диплом берилади.
Талаб қилинадиган ҳужжатлар: ариза, паспорт (асли ва нусхаси), ишга жойлаштиришни кафолатловчи уч томонлама (иш берувчи, туман (шаҳар) Бандликка кўмаклашиш маркази, жисмоний шахс) шартнома нусхаси, туман (шаҳар) Бандликка кўмаклашиш маркази томонидан берилган йўлланма, 3,5 x 4,5 см ўлчамдаги 4 дона рангли фотосурат.
Ҳужжатлар 2021 йил 15 июлдан 31 августгача қабул қилинади.
Манзил: Тошкент шаҳар, Сергели тумани, Сергели-8 а мавзеси.
Мурожаат учун тел: (+99871) 251-19-03, (+99833)123-98-75
Телеграм бот: @vtctqabul_bot.