Тошкент шаҳридаги Президент мактабининг Science (табиий фанлар) ўқитувчиси Хефлин Жеанна Марие ва Маҳфуза Чуллиева, шунингдек, 11-синф ўқувчилари Раҳматжон Гаипов ҳамда Темурбек Сулаймонов 121-мактаб ўқувчиларига Президент мактаби фаолияти ва таълим муассасаси ўқувчиларининг ташаббуслари ва лойиҳалари ҳақида сўзлаб берди.
Хефлин Жеанна Марие Science фанидан дарс бериш бўйича 10 йил тажрибага эга. Маҳаллий мутахассислар билан тажриба алмашиш мақсадида ўрта синф ўқувчиларига Science фанидан намунавий дарс ташкил этилди.
Нафас олиш тизимига бағишланган намунавий дарс жараёнида у мазкур фанни қай тарзда ўқитиш бўйича тушунча берди. Дарс жараёнида бир неча интерфаол методлар ва замонавий кўргазмали материаллардан фойдаланилди. Ўқувчилар дарс жараёнида турли виртуал лаборатория ишларини бажарди. Дарс сўнгида эса барча қатнашчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Президент мактаблари юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 20 февралдаги «Президент мактабларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорига асосан ташкил этилган бўлиб, мамлакатимизда иқтидорли ёшларни ўқитиш тизимини яратиш ҳамда келгусида уларда раҳбарлик ва етакчилик кўникмаларини шакллантиришга қаратилган.
Президент мактаблари республикамизда таълим сифатини оширувчи ўзига хос локомотивга айланиши лозим.
Ўқув жараёни “STEAM — taʼlim” дастури (Science — табиий фанлар, Technology — технологиялар, Engineering — техник ижодкорлик, Art — санъат, Mathematics — математика) бўйича олиб борилади. Бу эса иқтидорли ёшларнинг фикрлаш қобилияти, ирода, ижодий салоҳияти, мослашувчанлигини ривожлантиришга имкон беради.
Ҳозирги кунда илк Президент мактаблари Нукус, Хива, Наманган ва Тошкент шаҳарларида фаолият юритмоқда. Мазкур мактабларга танлов асосида STEAM йўналиши бўйича тажрибали хорижлик ўқитувчилар жалб қилинган.
Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги (PIIMA) Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган. Мазкур ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири маҳаллий ўқувчиларнинг хориж тажрибаси асосида малакасини оширишдир. Ҳамкорлик доирасида Президент мактабларининг хорижлик ўқитувчилари маҳаллий ҳамкасблари билан учрашмоқда ва STEAM фанларини ўқитиш бўйича методологияси ва тажрибаси билан ўртоқлашмоқда.