Тошкент тиббиёт академияси Ўзбекистондаги тиббиёт олий ўқув юртлари ичида биринчилардан бўлиб QS Star Very Good 4 юлдузли олий таълим муассасасига айланди. Бундай ютуққа академия таълим беришда ўзига хос янги стандартларни ўрнатгани туфайли эришди.

Академик мукаммаллик, илғор тадқиқотлар ва талабаларга йўналтирилган ёндашувларга тинимсиз интилиши ТТАни глобал таълимнинг биринчи қаторига олиб чиқди. Академияда юқори даражадаги таълимни таъминлаш ва ўсиш учун қулай муҳитни яратишга қаратилган саъй-ҳаракатлар QS Stars рейтингида алоҳида эътироф этилди. Келгусида унинг олий таълим соҳасида сифат маёғи бўлиб, мавқеи янада мустаҳкамланишига ишонч билдирилди.

ТТАнинг QS Stars халқаро рейтингида 4 юлдузга эга бўлиши нафақат академия, балки мамлакатимиз тиббиёт олий ўқув юртлари учун катта ютуқ. Ўзбекистонда тиббиёт олий таълим тизимида ушбу нуфузли унвонга биринчи бўлиб сазовор бўлган ТТА ўз мавқеини таълим соҳасида ҳақиқий етакчи сифатида мустаҳкамлади. Бу академиянинг халқаро стандартларга содиқлиги ва глобал рақобатбардошликка интилишидан далолат беради.

QS Stars рейтинги кенг қамровли ва жаҳон миқёсида эътироф этилган баҳолаш тизими бўлиб, турли йўналишлардаги университетларни уларнинг фаолияти ҳақида умумий тасаввур тақдим этиш учун баҳолайди. У университетларни бир неча муҳим йўналишлар, жумладан, ўқитиш сифати (5 юлдуз), ишга жойлашиш (5 юлдуз), тадқиқот (4 юлдуз), халқаро миқёсга чиқиш (3 юлдуз), қулайликлар (3 юлдуз), инновациялар (юлдуз), инклюзивлик ва бошқалар асосида баҳолайди. Рейтинг тизими университетнинг кучли томонларини яхлит кўриш имконини беради. Шу билан бирга, бўлажак талабалар, тадқиқотчилар ва академик ҳамкорларга узоқ муддатли ва ишончли ҳамкор сифатида тан олинишга замин яратиб, стратегик ҳамкор сифатида қарай бошлашига асос бўлади.

ТТА QS Stars рейтинги томонидан баҳоланган академия барча жиҳатлар бўйича — энг илғор тадқиқот ташаббусларидан тортиб инновацион ўқитиш методологияларигача жаҳон ОТМларининг етакчи 1000 лик рўйхатига тобора яқинлашиб бораётганидан далолат беради, дейилади академия ахборот хизмати хабарида.