Давлат олий таълим ташкилотларида талабалар турар жойига жойлашиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 14 августдаги 376-сон қарори билан белгиланган.

Унга кўра, талабалар турар жойига жойлашиш учун аризалар ҳар йили 1 августдан ўқув йили якунига қадар қабул қилинади. Биринчи курс талабалари эса талаба бўлишга тавсия этилганидан кейин ариза топшириши мумкин.

Аризаларни my.gov.uz портали орқали ёки Давлат хизматлари марказларида электрон шаклда топшириш мумкин.

Мандат натижалари эълон қилингач, биринчи курсга тавсия этилган талабалар ҳақидаги маълумотларни тегишли ахборот тизимларига юклаш жараёни амалга оширилади. Шу сабабли айрим абитуриентлар ариза топшириш вақтида «фойдаланувчи маълумотлар базасида мавжуд эмас» деган хабарга дуч келиши мумкин.

Агар абитуриент талаба бўлишга тавсия этилган бўлса-ю, ётоқхонага ариза беришда унинг маълумотлари тизимда чиқмаса, маълумотлар ҳали тўлиқ юкланмаган бўлиши мумкин. Бундай ҳолатда маълумотлар тизимда акс этишини кутиб, кейин қайта уриниб кўриш тавсия этилади.

Ариза ўқув йили якунига қадар топширилиши мумкин.

Ариза юборилгандан сўнг тизим талабани имтиёзли ёки умумий рўйхатга киритади. Ётоқхонада бўш ўрин мавжуд бўлса, электрон йўлланма шакллантирилади. Бўш ўрин бўлмаса, талаба навбатга қўйилади.

Талабалар турар жойига жойлашишда қуйидаги тоифаларга устуворлик берилади:

— «Меҳрибонлик уйлари» тарбияланувчилари, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган талабалар;

Ижтимоий реестр, «Темир дафтар» ва «Аёллар дафтари»га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари ҳамда «Ёшлар дафтари»да турувчи талабалар;

I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган талабалар;

бир оиладан бакалавриатнинг кундузги таълим шаклида икки ёки ундан ортиқ нафар тўлов-контракт асосида таҳсил олаётган фарзандлар;

халқаро фан олимпиадалари ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ўтказиладиган республика фан олимпиадалари ғолиблари;

— «Йил талабаси» ва «Талабалар театр студиялари» кўрик-танловларининг республика босқичи ғолиблари;

талабалар ўртасида ўтказиладиган «Заковат» интеллектуал ўйини республика босқичи ғолиблари;

талабалар турар жойида талабалар кенгаши раиси ёки қават сардори бўлган талабалар.

Имтиёз ва устуворликка эга талабгорлар жойлаштирилгандан сўнг, қолган бўш ўринлар умумий рўйхатдаги талабалар ўртасида навбат асосида тақсимланади.

Бунда 1-курс талабалари учун 55–65 фоиз, 2-курс талабалари учун 15–20 фоиз, 3-курс ва ундан юқори курс талабалари учун 20–25 фоизгача ўрин ажратилади.