Тезкор тадбирлардан бирида Тожикистондан Сирдарё дарёси орқали давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтган Бекобод шаҳрида яшовчи, 1998 йилда туғилган фуқаро қўлга олинди. Унинг ёнидан 5 кг 31 грамм «гашиш» моддаси процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Яна бир ҳолатда ДХХ Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ва божхона идоралари ҳамкорлигида пойтахтдаги хусусий тиббий клиникалардан бирида текширув ўтказилди. Холислар иштирокида ўтказилган кўздан кечириш жараёнида мазкур шифохонада даволанаётган 1970 йилда туғилган шахсга тегишли 1 кг 367 грамм «гашиш» моддаси аниқланди.
Фарғона вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда эса Фарғона туманида яшовчи, 1998 йилда туғилган шахс ўзининг жиноий шериги томонидан яшириб кетилган 1 кг 21 грамм «гашиш» моддасини олган вақтида ушланди. Унинг яшаш хонадонини кўздан кечириш чоғида яна 2 грамм «опий» моддаси ҳам ашёвий далил сифатида олинди. Кейинчалик мазкур иш бўйича унинг шериги — Фарғона шаҳрида яшовчи, 1998 йилда туғилган фуқаро ҳам қўлга олинди.
Навбатдаги ҳолатда Фарғона вилоятининг Қўштепа туманида яшовчи, 1999 йилда туғилган фуқаро «Нексия» русумли автомашинасида Марғилон шаҳри ҳудудида ҳаракатланиб кетаётганда 996 грамм «гашиш» моддасини автоуловдан ташлаб, қочишга уринган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.