Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва бошқа дахлдор ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар томонидан ўтказилаётган текширувлар давомида автоматик ёнғин ўчириш ва хабар бериш тизимлари, захира эвакуация йўллари, ички ёнғин кранлари, «Чиқиш» электрон таблолари, бирламчи ёнғин ўчириш воситалари ҳамда бошқа ёнғинга қарши инвентарларнинг мавжудлиги, созлиги ва ишлаш ҳолати ўрганилмоқда.

Аниқланган қоидабузарликлар инсонлар ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирган ҳолларда объектлар фаолияти камчиликлар тўлиқ бартараф этилгунга қадар вақтинча тўхтатиб турилмоқда.

Хусусан, Тошкент шаҳри Учтепа туманида жойлашган «Globus Mall» савдо-кўнгилочар мажмуасининг болалар ўйин зонасида ёнғин хавфсизлиги талаблари қўпол равишда бузилгани сабабли унинг фаолияти вақтинча тўхтатилди.

Шунингдек, Сурхондарё вилояти Денов тумани «Боғинав» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган савдо-кўнгилочар марказнинг 3-қаватидаги болалар ўйингоҳида ҳам ёнғин хавфсизлиги талаблари қўпол равишда бузилгани аниқланиб, ўйингоҳ фаолияти вақтинча тўхтатилди.

Яна бир ҳолатда, Тошкент вилояти Зангиота тумани «А. Яссавий» маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган ишлаб чиқариш объектида ўтказилган текширув натижасида 29 та банддан иборат ёзма кўрсатма берилди. Қўпол қоидабузарликлар аниқланган омборхона қисмидаги камчиликлар бартараф этилгунга қадар объект фаолияти вақтинча тўхтатилди.

Шунингдек, Зангиота тумани «Истиқлолнинг 5 йиллиги» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган яна бир корхонада ўтказилган текширувда 32 та банддан иборат камчиликлар аниқланиб, уларни бартараф этиш бўйича ёзма кўрсатма тақдим этилди ҳамда объект фаолияти вақтинча тўхтатилди.

Айни пайтда барча объект эгалари томонидан аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тезкор чоралар кўрилмоқда. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари эса объектларда фаолият юритаётган ишчи-ходимларга ёнғин ва бошқа фавқулодда ҳолатларда тўғри ҳаракат қилиш бўйича тушунтириш ишларини олиб бормоқда.