«Дунё» ахборот агентлиги хабарига кўра, Ўзбекистоннинг йирик хусусий авиакомпанияларидан бири — «Centrum Air» Тошкент ва Покистоннинг йирик маданий ҳамда иқтисодий маркази бўлган Лаҳор шаҳри ўртасида тўғридан-тўғри парвозларни бошлашини эълон қилди.
Янги йўналиш бўйича авиақатновлар ҳафтасига икки марта амалга оширилиши режалаштирилган. Бу қадам икки шаҳар ўртасидаги транспорт боғлиқлигини яхшилаш билан бирга, йўловчилар учун вақт ва маблағ тежаш имконини беради.
Сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги авиация соҳасидаги ҳамкорлик сезиларли динамика кўрсатмоқда. Ҳозирда «Uzbekistan Airways» миллий авиакомпанияси Тошкентдан Исломобод ва Лаҳор шаҳарларига ҳафтасига жами 4 та рейс ижро этмоқда. Бугунгача ушбу йўналишлардан 30 мингдан ортиқ киши фойдаланган. 2025 йил давомида қарийб 19 минг нафар Покистон фуқароси Ўзбекистонга сайёҳ сифатида ташриф буюрди.
Экспертларнинг фикрича, «Centrum Air» томонидан янги рейсларнинг очилиши тадбиркорлар учун янги логистика йўлаклари, Покистонлик сайёҳларнинг Ўзбекистондаги муқаддас қадамжоларга ташрифини кўпайтириш, талабалар ва илмий доиралар вакиллари учун қулай алмашинув соҳалари ривожига кучли туртки бўлади.
«Centrum Air» авиакомпанияси бозорга 2023 йилда кириб келган бўлишига қарамай, ўз паркини тез фурсатда кенгайтиришга муваффақ бўлди. Ҳозирда авиакомпания тасарруфида 14 та ҳаво кемаси мавжуд бўлиб, улар маҳаллий ва халқаро йўналишларда хизмат кўрсатмоқда.