Тошкент вилоятида “Ягона буюртмачи хизмати” давлат муассасаси директори ўринбосари пудратчи ташкилотга 1,1 млрд сўм бўнак ўтказиб бергани ва кейинчалик пеня ундириш бўйича суд даъводан воз кечиш эвазига жами 7 минг АҚШ доллари пора олган вақтида ушланди. Унга нисбатан ЖКнинг 210-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.
Экология бошқармасининг туман бўлими бошлиғи кўп йиллик дарахтларни кесишга рухсат бериш эвазига 3 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Унга нисбатан ЖКнинг 210-моддаси 1-қисми билан иш қўзғатилди.
Наманган вилояти Поп туманида маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси давлат захирасидаги 90 сотих ер майдонини расмийлаштириб бериш ваъдаси билан 4500 АҚШ доллари олган. Ваъда бажарилмагани сабаб пулнинг бир қисмини қайтариш чоғида у ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент томонидан ушланди. Унга нисбатан ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда барча ҳолатлар бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.