Бу ҳақда Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти маълум қилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан муқаддас зиёрат билан боғлиқ навбатдаги фирибгарлик ҳолатларига чек қўйилди.
Департаментнинг Учтепа тумани бўлими томонидан ўтказилган тадбирда фуқаро О.К. ва унинг шериклари тузоғига тушган шахс қутқариб қолинди.
Фирибгарлар «Умра-2026» мавсуми учун тўрт нафар фуқарога виза ҳужжатларини расмийлаштириб бериш ва зиёратга юборишни ваъда қилишган. Бунинг эвазига улар 4 900 АҚШ доллари талаб қилиб, шундан 2 500 долларини бўнак (заклад) сифатида олаётган вақтида қўлга тушдилар.
Шунингдек, Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида эса хусусий авиакасса чипта сотувчиси У.Қ.нинг қинғир ишлари фош бўлди. У фуқаро Л.Ч.нинг қайнонасини «танишлари» ёрдамида Умра зиёратига юборишни ваъда қилиб, 12,2 миллион сўм пул сўраган. Авиакасса ходими келишилган суммадан 10 миллион сўмни олаётган пайтида Департамент ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг иккита моддаси — 168-модда (фирибгарлик) ҳамда 28 ва 211-моддалари (пора беришга шериклик/пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳуқуқбузарларга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мутахассислар зиёратчилардан бу каби муҳим сафарларни фақат расмий рухсатномага эга бўлган ва ишончли ташкилотлар орқали амалга оширишни, шубҳали шахсларнинг «арзон» ёки «тезкор» ваъдаларига учмасликни сўраб қолади.