ФАОнинг Римдаги бош қароргоҳи ҳузуридаги Яшил шаҳарлар ташаббуси котибияти томонидан 2026 йил 20 августда берилган сертификатларда Тошкент ва Самарқанд ФАО Яшил шаҳарлар тармоғига аъзо шаҳарлар сифатида расман қайд этилган.

Тармоққа қўшилиш орқали бу икки шаҳар яшилроқ, соғломроқ, бардошли ва инклюзив шаҳар муҳитини ривожлантириш йўлида ҳамкорлик қилаётган глобал шаҳарлар ҳамжамиятига кирди. Мазкур тармоқ комплекс шаҳар кўкаламзорлаштириш ёндашувлари орқали барқарор шаҳар ривожланишини илгари суриш ҳамда аъзо шаҳарлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ушбу тармоқ учта асосий йўналиш бўйича комплекс ечимлар ва стратегияларни илгари суради: шаҳар ва шаҳар атрофи ўрмон хўжалиги, шаҳар ва шаҳар атрофи қишлоқ хўжалиги ва барқарор биоиқтисодиёт.

ФАО Яшил шаҳарлар тармоғига аъзолик Тошкент ва Самарқанд шаҳарларига техник кўмак олиш ва салоҳиятни ривожлантириш, билим ва тажриба алмашиш, шаҳарлараро ҳамкорлик платформаларида иштирок этиш, тегишли глобал асослар ва экологик кун тартибларига мувофиқликни таъминлаш бўйича кўмак олиш, шериклик алоқаларини ривожлантириш, ресурсларни сафарбар этиш ва инвестицияларни жалб қилиш, шунингдек, барқарор шаҳар ечимларини илгари сураётган етакчи шаҳарлар сифатида халқаро мақомини ошириш имконини беради.

2020 йилда бошланган GCI (Яшил шаҳарлар ташаббуси) лойиҳасининг мақсади 2030 йилга келиб 1 000 та шаҳарда истиқомат қилувчи аҳолининг саломатлиги ва фаровонлиги, шунингдек, атроф-муҳит ҳолатини сезиларли даражада яхшилашга кўмаклашишдан иборат. Тармоқ доирасидаги ҳамкорлик ФАО Яшил шаҳарлар коммюникеси ҳамда ФАОнинг Яшил шаҳар тамойиллари ва мезонларига асосланади.

2025 йилда бўлиб ўтган Биринчи халқаро Яшил шаҳарлар конференциясида тақдим этилган Яшил шаҳарлар коммюникеси яшил шаҳарлар глобал ҳаракатини ривожлантириш бўйича умумий қарашлар ва жамоавий мажбуриятларни ифодалайди. ФАОнинг Яшил шаҳар тамойиллари ва мезонлари эса Яшил шаҳарлар ташаббусининг концептуал асослари ва йўналтирувчи тамойилларини белгилайди.

Яқин кунларда ФАО Яшил шаҳарлар ташаббуси котибияти дастлабки ўзини ўзи баҳолаш жараёни бўйича қўшимча йўриқномаларни тақдим этади. Ушбу жараён шаҳарларнинг устувор йўналишларини аниқлаш ҳамда уларнинг эҳтиёжларига мос техник кўмакни шакллантиришга хизмат қилади.