Тошкент собиқ иттифоқдаги Америка шаҳри билан дустлик алоқаларини ўрнатган биринчи шаҳар бўлди. Бу ўша давр учун ноёб факт эди. Бунинг самарасида икки шаҳарга давлат ташкилотлари ва жамоатчилик вакиллари, маданият, санъат арбоблари, журналистларнинг ўзаро ташрифлари ташкил этилди. Бу ишларнинг барчасини жамотчилик асосида махсус ташкил этилган "Сиэтл-Тошкент" ассоциацияси амалга оширар эди.
Америкада "Сиэтл-Тошкент" ассоциацияси вице-президенти Фред Ландал бир-биридан нафақат улкан масофа, балки турли сиёсий тизимлар билан ажралиб турган икки шаҳар қандай қилиб биродар шаҳарларга айлангани ҳақида гапириб беришини илтимос қилдим.
Фред Сиэтл яқинидаги Видбей (Whidbey) оролида яшайди. У 1990 йилдан буён мутахассислиги бўйича дипломат бўлгани учун, 10 йил давомида Марказий Осиё мамлакатларида ишлаган, жумладан, тўрт йилини Ўзбекистонда ўтказган.
Ҳозир Фред нафақада, аммо шунга қарамай, у жамоат ишларида фаол, "Сиэтл-Тошкент" ассоциацияси тадбирларида мунтазам равишда катнашади. Қолаверса, у Ўзбекистон билан бевосита боғлиқ бўлган ноеб дўконида ҳам тадбиркорлик билан шуғулланади. Гап шундаки, савдо расталирадига буюмлларни аксарияти Марказий Осиё мамлакатлари усталарининг маҳсулотидир.
- Фред, айтингчи, Тошкент ва Сиэтл қандай қилиб биродар шаҳарларга айланди?
- Бу ҳақиқатан ҳам ажойиб ҳикоя. 70-йилларнинг бошларида биринчи марта Сиэтл ва Владивосток ўртасида авиақатнов очилди. Йўловчилар жуда кам эди. Ушбу йуналишни ишга тушириш бўйича реклама компанияси доирасида Сиэтлга бир қанча совет иттифоқи шаҳарлари хокимлари, жумладан Ўзбекистон пойтахти раҳбари таклиф қилинди. Қисқа ташриф чоғида Сиэтл ва Тошкент шаҳарлари рахбарлари дўстлашиб, икки шаҳар биродар бўлиши мумкин, деган қарорга келишди.
Ўша пайтда бу мутлақо имконсиз ишдек туюларди. Бундан ташқари, бу икки бутунлай бир бирига ўхшамайдиган шаҳарлар эди. Сиёсат ҳақида гапирмасак ҳам, улар бир-биридан минглаб километрлар билан ажралиб туради.
Сиэтл тинч океани соҳилида жойлашган, Ўзбекистон пойтахти Тошкент эса Сиэтлдан икки баравар катта ва денгизга чиқиш учун икки давлатни кезиб ўтиши керак.
Буни имкони борлигига жуда кам одам ишонишига қарамай, иккала томон ҳам уриниб кўришга қарор қилди ва мақсадларига эришиш учун деярли икки йил керак бўлди.
Москвада рухсат олиш учун Тошкент нимадан ўтганини билмайман, лекин бу ерда Америкада ҳам бу масала осонликча ҳал булмаган. Сиэтл мэрининг мурожаати АҚШ Давлат департаменти томонидан қабул қилинди, лекин кераксиз қоғозлар билан ахлат қутисига ташланди. Аммо ўша пайтда Сиэтлни бюджет қўмитасида катта одам бўлган Уоррен Магнусон исмли жуда кучли сенатор вакиллик қилган. Магнусон давлат департаментининг ўша пайтдаги раҳбарига очиқчасига айтди:
— Қаранг, агар Сиэтлдаги сайловчиларимнинг Тошкент билан дўстлашишига йўл қўймасангиз, навбатдаги бюджет сўровингизга келганда катта муаммога дуч келасиз.
Шундан сўнг Давлат департаменти рухсатни берди, бироздан кейин Тошкент ҳам юқоридан розилик олганини билдирди.
1973-йил июнь ойида Тошкентда Сиэтл мерининг ўринбосари Д.Чемберс ва Тошкент маъмурияти бошлиғи В.Казимов ўртасида шаҳарларимиз ўртасида биродарлик ўрнатиш тўғрисида шартнома имзоланди.
– Шу йиллар давомида биродар шаҳарлар ўртасидаги муносабатлар қандай ривожланди?
- Ўтган 50 йилга назар ташласак, жуда кўп тадбирлар уюштирилди. Бу йиллар давомида Сиэтл ва Тошкент ўртасида турли хил алмашувлар бўлиб ўтди - шифокорлар, ҳуқуқшунослар, талабалар, мусиқачилар, рассомлар ва бошқа кўплаб гуруҳлар ўзаро ташриф буюришди. Сиэтлда "Тошкент", Ўзбекистон пойтахтида еса "Сиэтл" боғлари пайдо бўлди. Икки шаҳар вакиллари танишиб, дўстлашиб узоқ йиллар давомида бир бирларига хатлар ёзиб юришди.
Бугун биз ишонч билан айтишимиз мумкинки, Тошкент ва Сиэтлнинг биродар бўлиши Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бошланиши бўлди.
- Шаҳарларимиз ўртасидаги муносабатлар ҳақида қандай қизикарли ҳикоялар бор?
— Албатта бор, алмашув сафарига келган ўзбекистонлик алпинист ёш аёл билан тоғларга сайр қилишни ҳам яхши кўрадиган америкалик физика профессори ўртасида ажойиб севги ҳикояси бор.
Аммо бу холат биринчи қарашда оддий кўринадиган даражада эмас эди. Тасавур қилинг, агар АҚШга ташриф буюрган делегациялардан бирининг аъзоси қочоқга айланса, бу икки шаҳар ўртасидаги дўстона муносабатларга барҳам беришини ҳамма яхши биларди.
Севишганлар эса оқилона қарорга келишди, аёл Тошкентга қайтиб келди ва унинг мухлиси унинг ортидан бориб, Чирчиқдаги ўрта мактабнинг гимназиясига физика фанидан укитувчи бўлиб ишга жойлашди. У Ўзбекистонда биринчи америкалик ўқитувчи бўлди. Фақат икки йил ўтгач, улар Москвадан Америкага кўчиб ўтишга рухсат олишди. Ҳозир уларнинг иккаласи ҳам нафақада, Элленсбургда истиқомат қилишади ва уларнинг фарзандлари ҳам алпинист бўлишган.
- Сиз Сиэтлдаги ноеб дўкон эгасисиз. Бу ерда Ўзбекистондан келтирилган хунармандларнинг жуда кўп нарсалари бор экан. Бу ҳам биродарликнинг натижасими?
— Қайсидир даражада, шундай деса хам бўлади. Дўкон "Music for the eyes" деб номланади, бу "Кўзлар учун мусиқа" деб таржима қилинади. Очилганига 20 йилдан ортиқ вақт булди ва бу ерда ҳақиқатан ҳам Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистоннинг миллий сувенирлари жуда кўп.
Тан оламан, аслида бизнес очиш мақсадим йўқ еди. Лекин мен сизнинг минтақангизни севиб қолдим, саёҳатларда эсдалик сифатида ёқтирган халқ ҳунармандларининг кўплаб ажойиб маҳсулотларини сотиб олдим. Лекин улар жуда кўп бўлгач, дўкон очиш фикри пайдо бўлди. Мен учун бу нафақат бизнес, балки Сиэтл аҳолисини Тошкент, Ўзбекистон, Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари ва бутун Шарқ билан таништириш истаги бор эди. Дўконимга ташриф буюрган одам Ўзбекистонга ёки Марказий Осиёнинг бошқа давлатига боришга қарор қилганида ажабланмайман. Шунингдек, Сиэтл ва АҚШнинг бошқа шаҳарларида яшовчи ватандошларингиз менга тез-тез мурожаат қилишади.
– Ўзбекистон раҳбарияти хориждаги ватандошлар билан фаол алоқалар ўрнатаётганидан хабарингиз бордир.
— Хориждаги ўзбек жамоатчилигига мурожаат қилиш бу ажойиб қарор. Демак, ўзбек оилаларида туғилиб, АҚШда яшовчи инсонлар ўз тарихий ватани билан доимий алоқада бўлиш имкониятига эга бўлмоқда. Бу одамлар, ўз фарзандларини она тили, маданияти ва анъаналарини билишларини жуда хоҳлашади. Қолаверса, ватандошларингиз Ўзбекистон ривожига, АҚШ ва бошқа давлатлар билан алоқаларни мустаҳкамлашга ўз ҳиссасини қўшиши мумкин.
Айни пайтда Сиэтл шаҳрида 200 дан ортиқ Ўзбекистонлик оила истиқомат қилади. Улар ажойиб, меҳнаткаш одамлардир. Мен уларнинг кўплари билан дўстман, уюшмамизда тез-тез учрашиб турамиз, Ўзбекистоннинг миллий байрамларини нишонлаймиз. Бу америкаликларни мамлакатингиз билан таништириш учун яна бир имкониятдир.
- "Сиетл-Тошкент"ассоциацияси ҳақида гапириб беринг, бугунги кунда у нима билан шуғулланади?
– Америкаликлар Ўзбекистон, Марказий Осиё, бу ерда яшовчи халқлар, уларнинг тарихи ва маданияти ҳақида билишлари учун турли тадбирларни ўтказишни давом этмоқдамиз.
Тўғри, яқин ўтмишда бизнинг ташаббусларимиз ўзбекистонлик ҳамкорларимиз томонидан жавоб топа олмаган турғунлик даврини хам бошдан кечирдик. Аммо энди Янги Ўзбекистон бошқача, дўстлик ва ҳамкорликка очиқ бўлди. Шу боис биродар шаҳарларимиз ўртасидаги муносабатларда фаоллик кузатилмоқда.
Бизда ўрта мактаб ўқувчиларига ўқув йилида қисқа ёки узоқ муддатли ташрифлар билан Америкага келиш имконини берувчи бир нечта дастурлар мавжуд ва улар жуда яхши натижаларга эришдилар. Ўйлаймизки, америкалик мактаб ўқувчилари ҳам Ўзбекистонга ташриф буюришдан завқланишди.
Биз ҳунармандлар ва бошқа касб вакиллари ўртасида алмашув ташрифлари кўпроқ бўлишини истаймиз. Ҳозирда мамлакатларимиз ўртасида бизнес соҳасидаги алоқалар мустаҳкамланиб бораётгани яхши, аммо маданият соҳасидаги ҳамкорлик ҳам бундан кам аҳамият касб этмайди.
Тез орада биз Тошкентга ташриф буюришни режалаштирмоқдамиз, у ерда юбилей санани биргаликда нишонлаймиз хамда шахарларимиз ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш бўйича янги режаларни муҳокама қиламиз деган умиддаман.
Сардор Хасанов