Хусусан, Зангиота, Қибрай, Ўрта Чирчиқ, Оққўрғон, Чиноз, Янгийўл туманлари, Нурафшон, Чирчиқ, Бекобод ва Оҳангарон шаҳар Давлат хизматлари маркази биноларида сайлов участкаси ташкил этилган. Шундан 7 тасида марказ ходимлари сайлов участкаларига бириктирилган. Ҳар бир  сайлов участкаси сайловга тўлиқ шай ҳолатга келтирилган бўлиб, миллий сайлов қонунчилиги, умумэътироф этилган халқаро стандартларга мос жиҳозланди. Сайловни демократик тамойиллар асосида, очиқ ва ошкора ўтказилиши учун барча шароитлар яратилиб,  замонавий жиҳозлар ва ахборот технология ускуналари билан таъминланган.  

Сайлов участкасига бириктирилган ходимларнинг сайлов қонунчилигига оид билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида, бошқарма, ҳокимлик, туман ва шаҳар адлия бўлимлари ҳамкорлигида Ўрта Чирчиқ, Чиноз, Оққўрғон, Зангиота ва Янгийўл туманларида ўқув-семинарлар ташкил этилди. Бошқарма раҳбарияти томонидан сайлов участкаларининг ташкилий жиҳатдан тайёргарлиги мунтазам ўрганилиб борилмоқда.

Марказларимизда ташкил этилган сайлов участкалари сайлов қонунчилигида белгиланган талаблар асосида жиҳозланиб, зарур техника воситалари — телефон, нусха кўчириш аппарати, интернет тармоғи ва тегишли адабиётлар билан таъминланган. Сайловчилар учун барча қулайликлар яратилган. Жумладан, сайлов қонунчилигига оид плакатлар, сайловчилар ҳуқуқ ва мажбуриятлари, Президентликка номзодлар тўғрисидаги тарғибот воситалари, сайловчиларнинг рўйхати жойлаштирилган. Шунингдек, тиббий пунктлар ҳам ташкил этилган. Қолаверса, марказларимизда ташкил этилган болалар майдончалари фарзандлари билан келган сайловчиларга қулайлик яратади. Марказ ходимлари дам олиш кунлари аҳоли гавжум ҳудудларда сайёр хизмат ўтказиш билан бирга, сайлов қонунчилиги бўйича тарғибот тадбирларини ҳам олиб бормоқда. Барча саъй-ҳаракатимиз Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини конституциявий қоидалар ҳамда халқаро сайлов андозалари, демократик тамойиллар асосида очиқ-ошкора ўтказишга қаратилган.

  Бугун, яъни 14 октябрдан бошлаб сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчиларнинг муддатидан олдин овоз бериши бошланди. Муддатидан олдин овоз беришни амалга ошириш учун сайловчи сайлов кунида бўла олмаслигининг сабаблари (таътил, хизмат сафари, хорижга чиқиш ва ҳоказо) кўрсатилган ариза асосида тегишли участка сайлов комиссиясидан сайлов бюллетенини олади.

Эсдан чиқарманг, сайловга келганда карантин қоидаларига риоя қилиб,  ижтимоий масофани сақланг.

 Илҳомжон АБДУСАТТОРОВ,

ДХА Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи