Тошкент вилояти Бекобод туманида хизмат олиб бораётган ЙПХ катта инспекторлари – сержант Э.Саитқулов ва кичик сержант Ф.Болтабоевлар соат 19:30 лар атрофида “Маллабой” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида хизмат олиб бориш жараёнида, умумий овқатланиш шохобчаси олдида ҳаракатлари шубҳали кўринган пиёдани тўхтатади. Шу маҳаллада истиқомат қилувчи пиёда, 1983 йилда туғилган А.Д. холислар иштирокида текшириб кўрилганида унинг ёнидан пулга ўралган ўткир ҳидли, қуритилган яшил рангли ўсимлик топилади. Ашёвий далиллар ва фуқаро ИИБга топширилади. Экспертлар хулосасига кўра бу ўсимлик 3,4 грамм миқдоридаги “марихуанна” гиёҳвандлик воситаси бўлиб чиқади.
Тошкент вилояти ИИББ 3-минтақавий ҳудудида хизмат олиб бораётган Бўка туман ИИБ ЙҲХБ ЙПХ инспектори, сафдор Б.Умаралиев соат 21 ларда 4Р20 – “Қорасув-Бўка-Бекобод” автомобиль йўлининг 38-километрида текшириш учун “Нексия” русумли транспорт воситасини тўхтатади. Текшириш жараёнида инспекторда ҳайдовчининг ҳаракатлари шубҳа уйғотади ва инспектор уни спиртли ичимлик истеъмол қилган, деб тахмин қилади. Ҳайдовчи тиббий кўрикка олиб борилади ва ўша ерга тезкор хизмат вакиллари ҳам чақирилади. Холислар иштирокида ўтказилган текширув чоғида ҳайдовчининг чўнтагидан 5000 сўмлик купюрага ўралган яшил ўсимлик топилади. Экспертиза хулосасига кўра бу наша ўсимлиги экани маълум бўлади.
Пискент тумани ҳудудида ўтказилаётган кенг қамровли профилактик тадбир давомида туман ИИБ ЙҲХБ бошлиғи, катта лейтенант К.Ёқубов, унинг ходимлари Д.Ўрмонов, Б.Уммонқуловлар тезкор хизмат вакиллари билан ҳамкорликда “Дўстлик” МФЙда яшовчи, 1969 йилда туғилган А.Ж.нинг хонадонини холислар иштирокида кўздан кечиришганида ошхонаси ва молхонасидан беш туп ўткир ҳидли ўсимлик пояси ҳамда ҳовлидаги анор дарахти шохларига илиб қўйилган қора салафан ичидан яшил рангли, қуритилган ўсимликлар ва наша чекиш учун мослаштирилган елим идиш топилади. Ушбу ашёвий далиллар экспертизага топширилади ва хулосага кўра улар 483 грамм, таркибида гиёҳвандлик моддаси бўлган “каннабис” ўсимлиги, 61,65 грамм “марихуанна” гиёҳвандлик моддалари экани аниқланади.
Ҳозирда аниқланган ҳар учала ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ Ахборот хизмати