Жорий йил 31 октябрь соат 22:00 да, 36 ёшли фуқаро ўзининг 36 ва 51 ёшли жиноий шериклари билан биргаликда қора рангли мато билан юзларини яшириб, эгнига «Миллий гвардия» ҳарбий кийимини кийиб, резина таёқча ва қўл кишани ҳамда пневматик ўқ отар қурол билан қуролланган ҳолда, «Matiz» русумли автомашинада Тошкент тумани, Тутзор маҳалласи, Нурмакор кўчасига келиб босқинчилик жиноятини содир этган.

Аниқланишича, улар мазкур кўча бўйлаб «Lacetti» русумли автомашинада уйига келаётган, 47 ёшли шахсни йўлини тўсиб, унга нисбатан зўрлик ишлатиб, қўлларини кишанлаб, ўзининг «Lacetti» русумли автомашинасининг орқа ўриндиғига ўтказиб, олиб кетмоқчи бўлган вақтида ИИБ ходимлари томонидан қўлга олинган.

Улардан қўл кишани, резина таёқ, пневматик ўқ отар қурол, «Миллий гвардия» хизмат кийими ва ниқоблар ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Ҳодиса жойини кўздан кечириш жараёнида, «Matiz» русумли автомашина салонидан, босқинчилар томонидан қонунга хилоф равишда қўлга киритилган, «01Р376СВ» ва «10Э488LA» давлат рақам белгилари мавжудлиги аниқланиб, ушбу давлат рақамлари тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан ушбу фуқароларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 227-модаси 1-қисми (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) ва 164-моддаси 2-қисми «а,б» банди (босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Дастлабки тергов жараёнида, юқоридаги фуқаролар жиноят ишида айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилинган ҳамда уларга нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.