Бу борада Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 31 декабрда “Тошкент вилоятида туризм соҳасини жадал ривожлантириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган. Унда “Олтин ҳалқа” туризм концепцияси бўйича белгиланган чора-тадбирлар дастури тасдиқланган. Мазкур дастур талаблари доирасида Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ, Оҳангарон, Паркент, Бўка, Чиноз, Зангиота туманлари ҳамда Ангрен шаҳрини ривожлантириш белгиланган бўлиб, унинг ижроси юзасидан кенг кўламли ишлар олиб борилди.

Хусусан, Оҳангарон туманини комплекс ривожлантириш режасига кўра, туманнинг Овжазсой ҳамда Эртошсой қишлоқларида сайёҳларнинг оқими юқорилигини инобатга олиб, оилавий меҳмон уйларининг сони кўпайтирилди.

Гастрономик туризм бўйича пешқадам Чиноз, Бўка туманларига ҳам ташриф буюрувчиларнинг эътибори юқори бўлганлиги боис ушбу йўналишни янада ривожлантириш борасида қатор чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган.

Жумладан, Паркент тумани Кумушкон туризм қишлоғига “Туризм қишлоғи” мақоми берилганлиги “Олтин ҳалқа” концепсияси доирасида амалга оширилди ҳамда бугунги кунда сўлим табиати, гўзал манзараси билан машҳур Кумушконга ташриф буюрувчилар сони тобора ортиб бораётганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Тошкент вилояти авлиёлар, пиру комиллар яшаб ўтган, уларнинг излари  етган ҳудудлардан ҳисобланади. Вилоятда Зиёрат туризмига катта эътибор қаратилмоқда. “Олтин ҳалқа”га киритилган “Занги ота” зиёратгоҳига ташриф буюрувчи  сайёҳларнинг кўплиги шулар жумласидандир.

Вилоятнинг туризм салоҳиятини янада ривожлантириш, сайёҳлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш орқали туристлар ташрифи давомийлигини таъминлаш, “Олтин ҳалқа”га кирувчи туман-шаҳарларда туризм инфратузилмасини жадал ривожлантириш мақсадида тадбиркорларни жалб этиш Тошкент вилоятининг туризм истиқболига ижобий таъсир кўрсатади.