Шу йилнинг 16 июль куни 24 ёшли Б.О. Тошкент вилояти ИИББ “102” рақамига қўнғироқ қилиб амалий ёрдам сўрайди. Гап шундаки, у аризада автомашинасини номаълум шахс олиб қочиб кетганини билдиради.

Б.О. воқени баён қилишича, у 15 июль куни соат тахминан 23:30ларда бошқарувидаги “SPARK” русумли автомашинада Чирчиқ шаҳар 4-кичик ноҳияда жойлашган танишини яшаш хонадонига келади. Автомашинани мазкур уй олдида қолдириб, пульт ёрдамида қулфлайди, сўнг танишининг хонадонида тунаб қолади. Эртаси куни, соат 05:00ларда биладики, автоуловини кимдир олиб қочиб кетган.

Олиб борилган тергов-тезкор ишлар натижасида, мазкур жиноятни Юқоричирчиқ туманида яшовчи, вояга етмаган 16 ёшли М.Д. (қиз) томонидан содир этилгани маълум бўлди.

Қиз автомашинада Чирчиқ шаҳри томондан ҳаракатланиб кетаётган вақтида светофор билан тартибга солинган автомобиль йўлида тўхтаб турган 44 ёшли Т.М. нинг бошқарувидаги “Сobalt”нинг орқа томонидан уриб юборади.

Мазкур ҳолат юзасидан Чирчиқ шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан вояга етмаган М.Д.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 267-моддаси 1-қисми (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, процессуал тартибда ушланди.

Жиноят иши доирасида, гумон қилинувчи қиздан нима сабабдан ушбу жиноятни содир қилганлиги сўралганида, у Чирчиқ шаҳар 4-кичик ноҳияда жойлашган танишининг хонадонида вақтинчалик яшаб келаётгани ва шу куни унинг хонадонга Б.О. келиб ухлаб қолганидан фойдаланиб, унга тегишли автомашинасининг пульти ва калитини олиб, мазкур автомашинада дўконга бориб келмоқчи бўлганини айтди.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Жиноят кодексининг нормаларига кўра, жиноятни содир этган шахс 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин, деб хабар беради  Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.