Нурафшон шаҳрида барпо этилган мазкур марказ қарийб 18 миллиард сўм маблағ эвазига қурилган бўлиб, 4 қаватли замонавий инфратузилмага эга. У вилоятдаги 22 та туман ва шаҳар тиббиёт муассасаларини узлуксиз равишда қон ва унинг компонентлари билан таъминлайди.
Янги марказда қонни қайта ишлаш, тайёрлаш ва захиралаш жараёнлари тўлиқ автоматлаштирилган. Шунингдек, у халқаро стандартларга мос замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, қон хавфсизлиги ва сифатини юқори даражада таъминлаш имконини беради.
Айни пайтда марказда 90 нафарга яқин малакали тиббиёт ходимлари фаолият юритмоқда. Шу билан бирга, 2 та сайёр гуруҳ ҳудудларга чиқиб, донорликни ривожлантириш, аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш ҳамда қон топшириш акцияларини ташкил этмоқда.