Ҳар куни турли мақсадлар билан ишга шошадиган, оиласи ва жамият ташвиши билан елиб, юрадиган барча оталар бугун фарзандларининг қай даражада билим ўзлаштираётган, хулқ-атвори ҳақида синф раҳбарлари билан суҳбатлашди.

Барча синфларда очиқ дарслар ташкил этилиб, ўқувчиларнинг оталари бевосита дарс жараёнларида иштирок этди.

Баъзи мактабларда “Оталар куни” муносабати билан 4-7 синфлар ўртасида “Мен, отам ва онам” мавзусида расмлар танлови, 8-11 синф ўқувчилари эса “Фарзанд тарбиясида отанинг ўрни” мавзусида иншо ёзди. Ўқитувчилар ўғил-қизларнинг билимларини синовдан ўтказди.

Ўқитувчилар оталар билан суҳбатда бола тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш, бу жараёнда мактаб жамоаси билан яқиндан ҳамкорлик қилиш ва учраётган муаммоларни тизимли бартараф этиш борасида фикр алмашди. Айниқса, фанларни ўзлаштириши паст бўлган болалар билан дарсдан ташқари мунтазам шуғулланиш, дарсларга қатнаш борасидаги давоматга эътибор қаратиш кераклиги айтиб ўтилди.

photo2021-12-1811-52-45.jpg

Тадбирлар сўнггида оталар “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида мактаб томорқасига дарахт кўчатларини экди.

Учрашувларда “Энг намунали ота”, “Ибратли ота” каби йўналишларда ўз фарзанди тақдири, билим олиши ва иқболига бефарқ бўлмаган жонкуяр оталарни тақдирлаш маросимлари ҳам бўлиб ўтди.