21 апрель куни анимацион форум доирасида “Киночилар уйи”да бир қатор тадбирлар ўтказилди. Дастлаб Озарбайжонлик аниматорлар Элчин Хаами Ахундов ва Рашид Агамалиевлар иштирокида “NEIGHBORS” туркумидаги анимациялар намойиши бўлиб ўтди. Унда анимацион фильмлари тўғрисида маълумотлар берилиб, томошабинларни қизиқтирган саволларига жавоб берилди.

Сўнг махсус меҳмон россиялик машҳур анимация танқидчиси Дина Годер ўзининг замонавий анимация, ундаги тенденциялар ва соҳадаги ноодатий техникалар ҳақидаги маърузаси билан иштирок этди.

Форум хорижлик ва маҳаллий аниматорларга тажриба алмашиш имкониятини яратди. Шунингдек, тадбирлар давомида Германия, Россия, Қозоғистон ва Озарбайжон каби 10 га яқин давлатдан келган аниматорлар томонидан ёшларга мунтазам равишда маҳорат дарслари ўтказилди. Бу ўзбек анимациясига янги йўналишлар олиб кириш, аниматорлар тажрибасини ошириш, ўзбек мультипликациясини янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Кинематография агентлиги Ахборот хизмати