Ушбу Конституциявий Қонуннинг мақсади:

Тошкент халқаро молия марказининг белгиланган алоҳида ҳудуд сифатидаги мақоми ва унинг ҳудудида амал қиладиган махсус ҳуқуқий режимни белгилаш;

Молия марказининг фаолият кўрсатиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Қонунга кўра, Молия маркази махсус ҳуқуқий режим амал қиладиган, дастлабки чегаралари Молия маркази ташкил этилиши муносабати билан қабул қилинадиган Президент фармони билан белгиланадиган ҳудуддир.

Молия марказининг ҳар бир қарори кучга киргунига қадар Молия маркази қарорларининг расмий реестрида эълон қилиниши шарт.

Ушбу Қонун ёки Молия маркази қарорларининг қоидаларига зид равишда тижорат фаолияти ёки молиявий фаолиятни амалга оширган Молия марказининг ҳар қандай иштирокчиси қуйидагилардан ошмайдиган миқдорда жаримага тортилади:

10 млн АҚШ долларидан ошмайдиган миқдорда;

қоидабузарликка сабаб бўлган тегишли битим, ўзаро боғлиқ битимлар йиғиндиси ёки фаолият қийматининг 10 фоизидан ошмайдиган миқдорда.

Қуйидагилар Молия марказининг органлари ҳисобланади:

Молия марказининг кенгаши;

Молия марказининг маъмурияти;

Молиявий хизматлар бошқармаси;

Тошкент халқаро тижорат суди.

Молия марказининг ҳар бир органи молия йили тугаганидан кейин 4 ой ичида йиллик шаффофлик ҳисоботини эълон қилиши шарт.

Инглиз тили Молия марказининг расмий тили ҳисобланади.

Конституциявий Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 10 кун ўтгач кучга киради.