Мазкур ҳолат юзасидан «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ Ахборот хизмати маълумот берди.
Қайд этилишича, бугун Тошкент шаҳрида кунига 1 000 дан ортиқ катта ва ўта катта сиғимли автобуслар сиқилган табиий газ (метан) ёқилғисида ҳаракатланади. Мазкур автобусларни сиқилган табиий газ билан таъминлаш 33 та АГТКШлардан амалга ошириб келинган.
Бироқ ҳаво ҳарорати пасайгани сабабли аҳоли, ижтимоий муассасалар ва стратегик муҳим объектларга табиий газни тенг равишда етказиб беришни таъминлаш мақсадида автобусларни газ билан таъминлайдиган АГТШ сони 11 тагача қисқартирилган.
Шундан келиб чиқиб, «Ҳудудгаз пойтахт» филиали ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан келишувга кўра, пойтахтда фаолият юритаётган АГТШ рўйхати тасдиқланиб, «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ раҳбарияти томонидан тасдиқланган рўйхат асосида автобусларни АГТШга етказиш жадвали ишлаб чиқилган.
Компания маълумотларига кўра, АГТШгача бўлган масофанинг ошиши, қишда газ истеъмолининг кўпайиши ҳамда магистрал газ қувурларида босимнинг пасайиши туфайли автобусларга ёнилғи қуйиш вақти сезиларли узайган ва бу шохобчаларда навбатларнинг юзага келишига сабаб бўлмоқда.
Мазкур вазиятни тез фурсатда барқарорлаштириш, йўналишлардаги автобуслар ҳаракати ва оралиқ интервални сақлаб қолиш ҳамда йўловчиларга кўрсатилаётган транспорт хизматларининг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ томонидан тунги навбатчилик ташкил этилгани ва вазият доимий назоратда экани билдирилди.