Кеча Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясининг (МСК) навбатдаги йиғилишида Ташқи ишлар вазирлиги таклифи асосида Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича референдумда иштирок этиш учун ЕХҲТ ДИИҲБ кузатувчиларини аккредитациядан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Бугун бўлиб ўтган брифингда миссия раҳбари Альберт Йонссон жорий фаолият Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришларни кузатиш бўйича ўнинчи миссия эканлигини таъкидлади. «Миссия ЕХҲТ ДИИҲБга аъзо мамлакатлардан сайлов мониторинги бўйича катта тажрибага эга бўлган ўн кишидан иборат, - деди Альберт Йонссон. - 3 апрель куни миссиянинг яна 14 нафар аъзоси Ўзбекистонга келади ва улар бевосита мамлакатингиз ҳудудларида ишлайдилар».
Миссиянинг асосий мақсади референдумнинг умумэътироф этилган халқаро тамойиллар ва ҳуқуқий меъёрларга мувофиқ ўтишини назорат қилишдан иборатлиги таъкидланди.
«Референдум якунлангач, эртаси куни миссия кузатувларимиз бўйича дастлабки хулосаларни тақдим этади. У матбуот анжумани чоғида эълон қилинади, - деди миссия раҳбари Альберт Йонссон. -Миссиямиз натижалари бўйича якуний хулосалар икки ой ичида тақдим этилади».
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Ғайрат Фозилов бугун ЕХҲТ ДИИҲБ Референдумни кузатиш бўйича чекланган миссияси раҳбари Альберт Йонссон билан учрашди.