Матбуот анжуманида пойтахтдаги ер ва кўчмас мулк билан боғлиқ вазият атрофлича таҳлил қилинди.
Қайд этилишича, 2025 йил давомида тизимни рақамлаштириш ва шаффофликни таъминлаш борасидаги ҳаракатлар натижасида ер назорати жараёнига замонавий технологиялар, хусусан, дронлар ва “E-yer nazorat” автоматлаштирилган тизими кенг жорий этилди. Бу эса ерга оид ҳар қандай қонунбузилиш ҳолатларини инсон омилисиз, масофадан туриб ва тезкор аниқлаш имконини бермоқда.
Олиб борилган назорат тадбирлари давомида пойтахт ҳудудида жами 3927 та ҳолатда 61,3 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги фош этилди.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, бу каби ҳуқуқбузарликларнинг асосий қисми Юнусобод, Сергели, Мирзо Улуғбек ва Миробод туманлари ҳиссасига тўғри келмоқда. Аниқланган ҳолатлар юзасидан ноқонуний қурилмаларни бузиш ва ерларни давлат захирасига қайтариш мақсадида судларга 1622 та даъво аризаси киритилган, жиноят аломатлари кузатилган иш ҳужжатлари эса қонуний чора кўриш учун прокуратура органларига тақдим этилган.
Матбуот анжуманида таъкидланганидек, тизимда коррупцияга қарши курашиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Давлат кадастрлари палатасининг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан сифат менежменти ва коррупцияга қарши бошқарув тизимлари бўйича халқаро сертификатларнинг қўлга киритилиши бу йўналишдаги ислоҳотларнинг амалий натижаси бўлди.
Шунингдек, ер участкаларини ажратиш жараёни тўлиқ “YERELEKTRON” тизими орқали онлайн-аукционларга ўтказилгани соҳадаги шаффофликни янги босқичга олиб чиқди.
Пойтахтдаги кўчмас мулк бозорининг ўсиш динамикаси ҳам диққатга сазовор. 2026 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, Тошкент шаҳридаги кўчмас мулк объектларининг умумий сони 881 570 тани ташкил этмоқда. Бу кўрсаткич шаҳарнинг урбанизация даражаси юқори эканлигини тасдиқлаш билан бирга, ҳар бир мулк ва ер майдонининг ҳисобини аниқ юритиш масъулиятини янада оширади.
Тадбир якунида ердан ноқонуний фойдаланиш учун жавобгарлик муқаррар эканлиги, тизимдаги рақамлаштириш жараёнлари эса бундан буён ҳам коррупция ва қонунбузилиш ҳолатларига чек қўйишга хизмат қилиши алоҳида қайд этилди.