Аниқланишича, Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи 1969 ва 1997 йилларда туғилган ота-бола ўз яшаш хонадонида чет элдан айланма йўллар билан олиб келинган препаратларни сақлаш учун махсус яширин омбор ташкил этишган. Улар ушбу дори воситаларини ноқонуний равишда дорихоналарга тарқатиш билан шуғулланиб келишган.
Тезкор тадбир давомида гумонланувчиларнинг хонадони ва автомобили кўздан кечирилганда, Туркия ва Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган «Дюспаталин», «Новомикс», «Галвус МEТ» каби 87 турдаги жами 133 374 дона дори воситалари топилди. Мусодара қилинган маҳсулотларнинг умумий қиймати 3 миллиард сўмдан ортиқни ташкил этади.
Бундан ташқари, ашёвий далил сифатида 50 минг АҚШ доллари, 10,6 миллион сўм нақд пул ҳамда 150 нафар шахсга тегишли бўлган банк пластик карталари расмийлаштириб олинди.
Ҳозирда мазкур дори воситаларининг намуналари Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказига экспертизадан ўтказиш учун юборилган бўлиб, ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.