Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълум қилди.
Хабарда қайд этилишича, пойтахтда жамоат транспорти бекатлари инфратузилмасини тартибга солиш ва янгилаш бўйича ўтган йили бошланган ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Дастлабки босқичда 100 километрлик ҳудуд қамраб олиниб, 360 дан ортиқ жамоат транспорти бекати, 190 та катта-кичик чорраҳа хатловдан ўтказилди.
Ўтказилган аудит натижаларига кўра, бекатлар ҳудудида халқ тилида «тижорат дўконлари» деб аталадиган 110 та савдо объекти жойлашгани маълум бўлди. Улардан 61 таси бекат мажмуаси ҳудудига эгалик қилиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим эта олмаган.
Маълум қилинишича, мазкур ҳолатларга ҳуқуқий баҳо берилиб, тегишли чоралар кўрилади.
Шаҳар маъмуриятининг тегишли қарорига асосан барча бекатлар босқичма-босқич янгиланади. Рухсат берувчи ҳужжатларга эга тадбиркорларга савдо нуқталарини бошқа ҳудудга кўчириш орқали компенсация тўлаш механизми назарда тутилган.
Жаҳон амалиётига мувофиқ, замонавий бекат концепцияси:
- бекат ҳудудида савдо объектларининг бўлмаслигини;
- йўловчилар учун транспортни эркин ва хавфсиз кутиш шароитини;
- платформаларнинг етарлича кенг бўлишини;
- тирбандлик юқори бўлган пайтда уларни кенгайтириш имкониятини;
- инклюзив муҳит яратилишини назарда тутади.
«Долзарб 90 кун» доирасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан янгиликлар тақдим этиб борилади.